Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек спортида янги солнома очган қиличбозимизга давлат мукофоти топширилди
2022-04-06 | Спорт
Шу кунларда БААнинг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилаётганидан хабарингиз бор. Мусобақада Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган саблячиларимиз бугун Тошкентга қайтиб келишди ва муносиб тақдирланишди.
Қаҳрамонларимиз даставвал Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов томонидан тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг тадбирнинг иккинчи қисми МОҚда ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Абдурашид Жўрабоев, Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва Вазир маслаҳатчиси Аваз Каримов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, спортчиларимиз ва уларнинг яқинлари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Даставвал қиличбозларимизнинг жаҳон чемпионатида эришган улкан ғалабалари яна бир бор мадҳ этилди. Муросасиз жангларга бой бўлган мусобақада Токио-2020 Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган энг ёш атлетимиз, Жаҳон кубоги ғолиби Зайнаб Дайибекова бронза, Зуҳриддин Қодиров эса олтин медални қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, Зуҳриддин Қодиров бу билан мустақиллик даврида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган биринчи спортчимиз бўлди.
Атлетларимизнинг ушбу муваффақиятларини Адҳам Икрамов ҳам алоҳида таъкидлаб, эришилган юксак натижа билан қиличбозларимизни қутлади. Шундан сўнг Зуҳриддин Қодировни “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Спортни ривожлантириш вазири томонидан ўқиб эшиттирилди ва мукофот ўз эгасига тантанали равишда топширилди.
Давлатимиз спортчиларимизни ушбу мусобақага юқори даражада тайёрлаган мураббийларни ҳам эсдан чиқаргани йўқ. Терма жамоамиз мураббийи, уч карра Олимпия ўйинлари чемпиони Владимир Назлимов ҳамда Ёрқин Йўлдошев спортчиларимиз қатори моддий рағбатлантирилди. Унга кўра, қайд этган натижалари учун спортчилар З.Қодиров 5 000, З.Дайибекова 3 000, мураббийлар В.Назлимов 2 000 ва Ё.Йўлдошев 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.
Кўрсатилган бундай юксак эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган спортчиларимиз ҳамда уларнинг ота-оналари ичларидаги ҳаяжонни яшира олишмади.
"Авваламбор, мени тарбиялаган ота-онам, устозларимдан чексиз миннатдорман. Уларнинг берган таълимларига амал қилиб шундай ғалабага эришдим. Қолаверса, бизга барча шароитларни яратиб бераётган Президентимизга ҳам раҳмат айтаман", – деди чемпион Зуҳриддин Қодиров.
Ўз ўрнида Зайнаб Дайибекова ҳам самимий тилакларини билдирди:
“Бугунги хурсандчилик кунимизга шерик бўлиб, бизни шундай тантана билан кутиб олаётганларингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман. Бу ғалабараларимиз давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга кўрсатаётган эътиборларининг меваси. Келгусида жаҳон чемпионатининг олтин медалини қўлга киритишга ваъда бераман".
Тадбир давомида Зуҳриддин Қодировнинг онаси Зумрадхон Қодирова, терма жамоа мураббийи Владимир Назлимов ҳам сўз олиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турган давлатимизга ташаккур билдиришди. Қолаверса, таэквондо бўйича Токио-2020 чемпиони Улуғбек Рашитов ҳам қиличбозларимизни эришган муваффақиятлари билан қутлади.
Мусобақа давомида Дайибекова ҳамда Қодировдан ташқари Муса Айтмуродов, Шерзод Мамутов, Бобуржон Расулов, Самира Шокирова каби вакилларимиз ҳам муносиб иштирок этиб, кучли ўнликдан жой олишди. Бу эса қиличбозлик бўйича Париж-2024 ва Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинлари учун кучли авлод етишиб келаётгани, ўзбек қиличбозларининг келажаги порлоқ эканидан далолат беради. Регламентга кўра, эндиликда ёш рапира ва шпага усталари жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб боришади. Бўлажак беллашувларда терма жамоамизнинг қолган вакилларига ҳам улкан ғалабалар тилаб қоламиз.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси