Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2022-04-05 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли ташкилий-амалий ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳали ҳам юқори бўлиб, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, йўл инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги қоидабузарликларнинг барвақт профилактикасига йўналтирилган самарали тизимни йўлга қўйиш, шунингдек, инсон омилини истисно қилувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш талаб этилмоқда.
2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, шунингдек, Янги Ўзбекистон шароитида автомобиль йўлларида инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳар қандай ҳодисалардан кафолатли ҳимоя қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб йўналишлари этиб белгилансин:
автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг “пиёда – жамоат транспорти – велотранспорт – автотранспорт” устуворлиги асосида хавфсиз ҳаракатланиши учун ишончли шарт-шароитлар яратиш;
ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига инновацион педагогик технологияларни жорий қилган ҳолда, ўқув жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш;
ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш;
йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, ушбу амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш;
йўл ҳаракатини ташкил этишни тўлиқ рақамлаштириш, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда, янги бошқарув ва назорат тизимларини татбиқ қилиш.
2. Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилсин:
ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.
Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р.Қ.Давлетов) бир ой муддатда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этишни назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини киритсин.
3. Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим муассасалари (кейинги ўринларда – автомактаблар) ва имтиҳон марказларига фаолиятни амалга ошириш учун лицензия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади;
автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.
Ички ишлар вазирлиги (А.И.Икрамов, Б.Т.Абдуллаев):
бир ой муддатда автомактаблар ва имтиҳон марказларига қўйиладиган талаб ва мезонларни қайта кўриб чиқиб, уларнинг ўқув фаолияти сифатини оширишга қаратилган қатъий чораларни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
икки ой муддатда Ички ишлар вазирлиги Академиясида автомактабларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш билан боғлиқ барча зарур ўқув-услубий ва моддий-техник базани яратсин.
Ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов зиммасига автомактаблар ва имтиҳон марказлари фаолияти бўйича янги жорий этилаётган тизимни самарали йўлга қўйиш ҳамда ҳайдовчиларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.
4. Белгилансинки:
а) Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказларида чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича шахсий масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юкланади;
б) Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман (шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш орқали йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари (кейинги ўринларда – йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари) масъул ҳисобланади;
в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х.Шерматов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) билан биргаликда икки ой муддатда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларни жалб қилган ҳолда, чорраҳаларда рақамли бошқарув тизимини қуйидаги даврларда жорий қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилайди:
2023 йил якунига қадар пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида;
2024 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида;
г) туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади. Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади.
Ички ишлар вазирлиги (Б.Т.Абдуллаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда транспорт ва пиёдалар оқими, пиёдалар билан боғлиқ содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили асосида туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорларни 2023 йил якунига қадар ўрнатилишини назарда тутувчи манзилли дастурни тасдиқласин ва ижросини тўлиқ таъминласин.
5. Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг махсус эксплуатация-монтаж бўлинмалари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини (кейинги ўринларда – эксплуатация-монтаж бўлинмалари) икки ой муддатда тегишинча ҳудудий ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказиш;
ички ишлар вазирига йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан малакали хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида жалб қилиш ҳуқуқини бериш;
“Uzavtomotobelgi” давлат унитар корхонасида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ушбу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш;
Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати тузилмасида Йўл инфратузилмасини назорат қилиш бошқармасини, ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари тузилмаларида йўл инфратузилмасини назорат қилиш бўлимларини ички ишлар органларининг чекланган штат бирликлари ҳисобидан ташкил этиш.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари эксплуатация-монтаж бўлинмаларини йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳузурига ўтказишда:
эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг бино ва иншоотларини, уларнинг ёндош ҳудудлари, моддий-техника базасини, шу жумладан, янги замонавий махсус техника билан таъминлаган ҳолда топшириш чораларини кўрсин;
эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг мавжуд кредитор ва дебитор қарзлари тўланишини, маънан эскирган ва яроқсиз ҳолга келган моддий-техника воситалари ҳисобдан чиқарилишини таъминласин.
Ички ишлар вазирлиги (Б.Т.Абдуллаев):
икки ой муддатда эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолиятини тартибга солувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
эксплуатация-монтаж бўлинмалари тегишли бино ва иншоотлари, уларнинг ёндош ҳудудлари, зарур моддий-техника базаси билан таъминланган ҳолда қабул қилинишини ташкил этсин;
уч ой муддатда эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиб, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини тўлиқ ўрнатиш ва уларнинг доимий ишлашини таъминлаш бўйича янгича иш усулларини жорий этсин.
Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ой муддатда:
Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда эксплуатация-монтаж бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг бир нафар ўринбосари лавозимлари ушбу бўлинмаларнинг мавжуд штат бирликлари ҳисобидан офицерлик таркибидаги ходим лавозимларига ўзгартирилишини таъминласин;
ушбу қарорга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
7. 2022 йил 5 апрелдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
1-иловага мувофиқ миқдорларда йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундириладиган жарима, олинадиган йиғим ва тўловлар;
эксплуатация-монтаж бўлинмалари учун ҳар йили бюджет параметрларида дастурлар асосида алоҳида тадбирлар учун кўзда тутиладиган маблағлар;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратиладиган грантлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ва хайрия тарзидаги маблағлари;
халқаро молиявий институтлар ва банклар томонидан ажратиладиган кредитлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгилансинки, Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун мақсадли сарфланади:
йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари, уларнинг эҳтиёт қисмлари, ўрнатиш учун белгиланган конструкция ва қурилиш материаллари ҳамда махсус бўёқларини харид қилиш;
шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш, демонтаж қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш;
эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, замонавий махсус техника воситалари билан таъминлаш, уларга иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда маълум муддатга қўшимча штатлар киритиш, шартномалар асосида мутахассисларни жалб қилиш, уларнинг ходимлари, ишчи ва хизматчилари учун ҳар ойлик ва бир марталик рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш;
мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирликларига қарашли мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган моддий-техник ва ўқув базасини яратиш, шунингдек, маҳаллаларда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатиш майдончаларига йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш чора-тадбирларини молиялаштириш.
8. Автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари (кейинги ўринларда – махсус комиссиялар) 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тузилсин.
Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилсин:
йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;
ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;
ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси тўғрисидаги низоми 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика махсус комиссияси (А.Н.Арипов):
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари раислигида ҳудудий махсус комиссияларнинг намунавий низомини тасдиқласин;
ҳар чоракда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларни, мавжуд камчиликларни танқидий муҳокама қилиб борсин ва тегишли чоралар кўрилишини таъминласин;
ҳар йили маҳаллий ҳокимликларнинг ўз ҳудудларида автомобиль йўллари инфратузилмасини такомиллаштириш ва йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи манзилли чора-тадбирларини ўз ичига олган “йўл харита”ларини тасдиқлаб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат олиб борсин.
9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади;
ишчи органлар мунтазам равишда тегишли давлат органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишларини таҳлил қилиб боради ва махсус комиссияларнинг йиғилишларида муҳокама қилиш учун ҳужжатларни тайёрлайди;
ҳудудий махсус комиссиялар ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритади ва натижалари бўйича республика махсус комиссиясига ҳисобот тақдим этади.
10. Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индекси (кейинги ўринларда – индекс)ни юритиш амалиёти йўлга қўйилсин.
Белгилансинки:
индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 5-иловага мувофиқ 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади;
туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари зиммасига юкланади.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов) икки ой муддатда етакчи илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, индексни юритиш методологияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
11. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
а) йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида “Умр тезликдан муҳимдир” ва “Хавфсизлик камари – ҳаёт гарови” шиорлари остида комплекс тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкил этсин;
б) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, ўқувчилар орасида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин:
“Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш, уларнинг онгига болалигидан бошлаб йўл ҳаракати интизомини сингдириш;
мактабларда “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари”ни, маҳаллаларда “Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари”ни ташкил этиш;
в) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ички ишлар вазири П.Р.Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Б.Д.Исламов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 4 апрель
Манба: ЎзА