Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида
2022-04-04 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган стратегик вазифаларга мувофиқ Самарқанд давлат тиббиёт институтида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, унинг институционал, ўқув-педагогик салоҳиятини кучайтириш, ўқув жараёнини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, реабилитология ва спорт тиббиёти соҳасида долзарб муаммолар бўйича илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш, шунингдек, ҳудуд аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида:
1. Самарқанд давлат тиббиёт институтининг кузатув кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) Самарқанд давлат тиббиёт институтини Самарқанд давлат тиббиёт университети (кейинги ўринларда – Университет) этиб қайта ташкил этиш;
б) Университет таркибида қуйидагиларни ташкил этиш:
Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, Ўрташиқ қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтини;
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг
кўп тармоқли клиникаси ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникасини (кейинги ўринларда – Университет клиникалари);
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси негизида Университет ҳузуридаги Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникасини;
Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий марказини;
Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий марказини.
2. Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;
хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш;
Университет илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;
республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ва қадрлар буюртмачилари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш;
Университет моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;
Самарқанд вилояти ҳамда қўшни ҳудудлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжларини ва муаммоларини мунтазам ўрганиб бориш, уларни ваколати доирасида бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида узвий ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўйиш.
3. Белгилансинки:
а) Университет Самарқанд давлат тиббиёт институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган талабалар Университетда мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда давлат намунасидаги Университет дипломи берилади;
в) Университет клиникалари, академик лицейи, Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти, Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази ҳамда Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институтининг (кейинги ўринларда – Университет таркибий тузилмалари) муассиси Университет ҳисобланади ва уларнинг фаолияти Университет томонидан мувофиқлаштирилади;
г) Университет таркибий тузилмалари давлат муассасалари ҳисобланади ва шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
д) Университетнинг таркибий тузилмалари раҳбарлари Университет Кенгашининг тақдимномасига кўра соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
е) Самарқанд вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари (кейинги ўринларда – техникумлар ва коллежлар) Университетга бириктирилади.
Бунда, Университет:
техникумлар ва коллежлардаги таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлиб, уларда зарур моддий-техника, ўқув-методик базани яратади ва ўқув жараёнига тажрибали мутахассисларни жалб этиб боради;
техникумлар ва коллежларда фаолият юритувчи ўқитувчиларга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашади;
клиникалари техникумлар ва коллежлар учун клиник база бўлиб хизмат қилади;
кафедралари ўз йўналишида техникумлар ва коллежларга замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билимини баҳолаб боради.
4. Қуйидагилар:
2022-2025 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт университетини комплекс ривожлантириш дастури 1-иловага мувофиқ;
Самарқанд давлат тиббиёт университетини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 2-иловага мувофиқ;
Самарқанд давлат тиббиёт университети кафедраларини Самарқанд вилояти туман (шаҳар)ларига бириктириш рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда, академик лицейнинг ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштириш, унинг тузилмасини, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, қабул параметрлари ва таълим йўналишларини белгилаш;
Университетда бакалавриатнинг битирувчи босқич талабалари учун соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғин муассасалари (кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари) ҳамда клиник базаларда 6 ойлик малакавий амалиёт кўринишидаги субординатурани жорий этиш;
Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Университет профессор-ўқитувчиларининг халқаро илмий-техник маълумотлар базалари (Scopus, Web of Science ва бошқалар) томонидан эътироф этилган юқори рейтингли журналларда илмий мақолалар чоп этиш сарф-харажатларини қоплаш.
Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ қўшимча харажатлар Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.
6. Университет клиникаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
Университет ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда клиникаларнинг умумий ўринлар сони ҳамда амалдаги штат бирликлари доирасида штатлар жадвалини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
пуллик хизматлар кўрсатиш бўлинмаларини ташкил этиш;
пуллик малака ошириш цикллари ва замонавий технологияларни ўзлаштириш бўйича маҳорат дарсларини ташкил этиш;
тиббий хизматларни кўрсатишдан тушган даромадлар доирасида ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига қараб мустақил равишда белгилаш.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Университетнинг ихтисослашган болалар хирургик клиникаси 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5199-сон қарорида белгиланган республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг фаолиятини юритиш тартиби ва молиялаштириш механизми асосида фаолият юритади;
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилояти филиали янги бинога кўчирилиши муносабати билан ушбу филиалнинг бўшайдиган Самарқанд шаҳар, Махдуми Аъзам кўчаси, 18-уй манзилида жойлашган биноси Университетга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади ҳамда мазкур бинода Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази, шунингдек, Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М.Бобоев), Молия вазирлиги (А.Я.Хайдаров) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Э.О.Турдимов) билан биргаликда 2024-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида:
Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ҳамда Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази жойлаштирилаётган Самарқанд шаҳри, Махдуми Аъзам кўчаси, 18-уй манзилидаги бинони капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун;
Университетнинг ихтисослашган болалар хирургик клиникаси ҳудудида ихтисослаштирилган эндоскопик консультатив-диагностик ва даволаш бўлимини ташкил этиш, тегишли бино ва иншоотларни қуриш ҳамда замонавий эндоскопик диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
9. Қуйидагилар:
а) Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
б) Университет клиникалари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Университет клиникаларининг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
в) Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти, Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
мазкур институтларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;
г) Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази ҳамда Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
мазкур ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов), Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Э.О.Турдимов) Университет ҳамда Университет таркибий тузилмаларининг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирокида ҳудуд аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини юритиш бўйича бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида (оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника) ҳамда барча қишлоқ ва маҳаллаларда жойига чиққан ҳолда хизмат кўрсатилишини таъминласин. Бунда, қуйидагиларга эътибор қаратсин:
аҳолининг саломатлик ҳолатини, касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг тарқалганлик даражасини ўрганган ҳолда аҳолини хавф гуруҳларига таснифлаш;
хавф гуруҳларига кўра, уларга индивидуал маслаҳат бериш, кўрик ва назоратни амалга ошириш, соғломлаштириш ва реабилитациянинг индивидуал чораларини белгилаш;
аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва ўлимнинг асосий сабабчиси бўлган касалликларни эрта аниқлаш чораларини кўриш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш;
аҳолининг саломатлик ҳолати, касалликни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг тарқалганлик ҳолати ва касалланиш даражасидан келиб чиқиб, махсус электрон дастур асосида “Саломатлик профили”ни яратиш;
қишлоқ ва маҳаллаларда “Саломатлик мактаби” фаолиятини йўлга қўйиш, нафақадаги ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари, зиёлилар ҳамда ёшлардан иборат волонтёрлик жамиятларини тузиш;
кўп тармоқли марказий поликлиникада “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” хоналарини ташкил қилиш, махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ҳамширалар томонидан аҳоли орасида тарғибот тадбирларини амалга ошириш, шунингдек, индивидуал маслаҳат бериш тизимини жорий қилиш;
барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокор олди кўриклари орқали ўрта тиббиёт ходимлари томонидан энг кўп учрайдиган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлаш, аҳолини антропометрик ўлчовлардан ўтказиш, 5 ёшгача болаларнинг ўсиши ва ривожланиши мониторингини олиб бориш каби вазифаларнинг мустақил бажарилишини таъминлаш;
юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари бўйича тиббиёт бригадаси вакилларининг амалий ва назарий билимларини ошириш;
аҳоли орасида тўғри овқатланиш асослари, касалликлар профилактикаси, жисмоний фаоллик, шахсий ва жамоат гигиенаси, кун тартибини тўғри ташкиллаштириш ва зарарли одатлардан воз кечиш бўйича тарғиботнинг замонавий услубларини (акция, спорт мусобақалари, танлов, флешмоб) амалиётга жорий қилиш ва оммалаштириш чораларини кўриш.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Ш.Иноятов) 2022 йил 1 декабрга қадар Самарқанд вилояти тажрибасининг натижаларидан келиб чиқиб, уни бошқа тиббиёт олий таълим муассасаларида ҳам татбиқ қилиш бўйича таклиф киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Тўйчиев, Самарқанд вилояти ҳокими Э.О.Турдимов, соғлиқни сақлаш вазири Б.А.Мусаев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х. Тошкулов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 1 апрель
Манба: ЎзА