Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Спортни ривожлантиришга қаратилган вазифалар ижроси кўриб чиқилди

2022-04-01 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди.

Тараққиёт стратегиямизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги фармон ва қарорига биноан, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилган эди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришдир.

Йиғилишда шу йўналишдаги режалар тақдимот қилинди.

Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.

Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлиги айтилди.

Шуларни инобатга олган ҳолда, оммавий спортни янада ривожлантириш, жорий йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, шу йил 14 март куни бокс бўйича Баҳодир Жалолов, гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабларини ташкил этишга доир Президент қарорлари қабул қилинган эди. Йиғилишда шу борада амалга ошириладиган ишлар ҳам тақдимот қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться