Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркия – Ўзбекистон: қардошлик ришталарига асосланган абадий дўстлик ва ҳамкорлик
2022-03-29 | Жамият
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида биз «қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик» деб таърифлаган алоқаларимиз ўзаро ишонч муҳитида ҳар соҳада тобора чуқур илдиз отиб ривожланмоқда. Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини 2022 йил 4 март куни нишонладик.
Узоқ давом этган соғинч ва айрилиқдан кейин ўз давлатига ва байроғига эга бўлган Ўзбекистон мустақиллигини тан олган илк давлат бўлганимиздан фахрланамиз. Тошкент шаҳрида биринчи элчихона Туркия томонидан очилганида Совет Иттифоқи даврида Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган бинонинг Туркия элчихонасига берилганлигини Ўзбекистоннинг ҳам Туркияга алоҳида меҳрининг бир нишонаси деб биламиз.
Тарихий Ипак йўлининг бардавом бўлишига ғамхўрлик қилиб, халқаро савдо ва маданий ҳамкорликнинг рав- нақ топишига улкан ҳисса қўшган Ота юртимиз Ўзбекистон давлати кўҳна Туркистон заминида барпо бўлиб, жаҳон тамаддунининг шаклланишини белгилаб берган бой сиёсий, иқтисодий ва маданий тажрибага эгадир.
Нафақат турк-ислом цивилизацияси, балки бутун инсониятнинг муштарак маданий хазинасига ҳам беқиёс даражада ҳисса қўшган Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюк мутафаккир ва алломалар қолдирган асарлар бизни бир-биримизга яқинлаштирадиган умумий меросий бойлигимиздир.
Ўзбекистон чуқур тарихий ўтмиши ва давлатчилик анъаналари, Марказий Осиё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этувчи 34 миллиондан ортиқ ёш ва динамик аҳолиси, Осиё қитъасининг юрагида жойлашганлиги, бой табиий ресурслари ва баракотли замини билан ўз минтақасида ва ундан ташқарида етакчи бўлишга қодир давлатдир.
Ўзбекистонда «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» концепцияларида ўз ифодасини топган, азиз биродарим Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг оқилона йўлбошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсати нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ҳайрат билан кузатиб борилмоқда.
Биз Ўзбекистоннинг Афғонистондаги инсоний фожиалар асоратларини камайтиришда ўз зиммасига олган етакчилик ролини юқори баҳолаймиз. Биз Термиз шаҳрининг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамларини етказишда барча халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ учун логистика марказига айланганини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ва ундан ташқарида яратмоқчи бўлган фаровонлик ва барқарорлик камари доирасида илгари сурган ўзаро боғлиқлик концепциясига биз ҳам катта баҳо берганимизни алоҳида таъкидлашни истайман.
Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг 2017 йилда Туркияга қилган ташрифлари билан стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатларимиз 2020 йилда ўтказилган Олий даражадаги Стратегик Ҳамкорлик Кенгаши йиғилиши билан яна бир поғонага кўтарилди.
Ўзбекистонга 2022 йил 29-30 март кунлари амалга оширадиган давлат ташрифимиз доирасида Олий даражадаги Стратегик Ҳамкорлик Кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказиб, икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларнинг янада юқори босқичга кўтарилишига муҳим ҳисса қўшишимизга ишонаман.
Музокараларимиз доирасида икки томонлама ҳамкорлигимизни энергетикадан қишлоқ хўжалигигача, саноатдан маданиятгача, ёшлар масалаларидан атроф-муҳит масалаларигача бўлган кўплаб соҳада сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва ижтимоий жиҳатларини муҳокама қиламиз, имзолайдиган икки томонлама шартномалар билан эса алоқаларимизнинг ҳуқуқий заминини янада мустаҳкамлаб оламиз.
Фуқароларимизни ҳозирги қайта юксалиш даврида Ўзбекистонни келиб кўришга, бу давлатга сармоя киритишга ва бу давлат билан муносабатларимизнинг ҳар соҳада ривожлантирилишига ўз ҳиссаларини қўшишга чақирмоқдамиз. Тадбиркорларимиз томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бизни фахрлантириши билан бирга ўзаро савдо айланмасини ҳаракатлантирувчи куч ҳамдир.
Дарҳақиқат, 2017 йилдан буён сиёсий соҳада жадаллик билан ташланган қадамлар қисқа вақт ичида савдо ва сармоя соҳасида ҳам ўз ифодасини топди. Биз ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларлик маррага етказиш сари қатъий одимларимизни ташламоқдамиз. Бутун жаҳонни ўз домига олган пандемиянинг салбий оқибатлари энг кучли сезилган 2020 йилни мусбат кўрсаткичлар билан якунлаган икки давлатнинг савдо ҳажми 2021 йилда 3,6 миллиард доллардан ошиб кетди.
Қолаверса, импорт ва экспорт кўрсаткичларининг бир-бирига жуда яқин бўлиши ҳам савдо алоқаларимизнинг бир-бирини тўлдирувчи ва қўллаб-қувватловчи моҳиятда эканлигини кўрсатади. 2022 йилда ҳам икки томонлама савдо айланмасида рекорд натижаларга эришишимизга тўлиқ ишонаман.
Туркия «Осиё асри»да бу қадимий қитъа билан алоқаларини «Яна Осиё» шиори остида кенг қамровда олиб бораётган ҳозирги даврда биз қардош Ўзбекистон билан муносабатларни ҳар соҳада чуқурлаштириш сиёсатини кўпроқ ўртамиздаги азалий ришталар ва умумий тарих елкаларимизга юклаган масъулият, деб биламиз.
Қардош Ўзбекистон билан келажагимизни биргаликда қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз бутун инсониятга фаровонлик келтиришига ишонамиз. Ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида чуқурлашиб бораётган ҳам- корлигимиз бундан кейин ҳам шундай жадал суръатлар билан ривожланиб боришини тилаган ҳолда, халқим номидан ўзбек биродарларимизга энг самимий салом ва эҳтиромларимни изҳор этаман.
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
Манба: «Янги Ўзбекистон»