Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экспорт фаолиятини рағбатлантириш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди
2022-03-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 март куни видеоконференция тарзида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида ташқи савдо фаолиятининг бугунги ҳолати ва уни рағбатлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.
Мутасадди раҳбарлар тармоқлар ва ҳудудлар кесимида экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва бу борада мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот бердилар. Тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли алоҳида раҳбарлар фаолияти қаттиқ танқид қилинди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.
Юқорида қайд этилган раҳбарларга экспортчилар билан вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалар даражасида манзилли ҳамкорликни фаоллаштириш вазифаси қўйилди. Экспортга йўналтирилган корхоналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш ва экспорт фаолиятида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига корхоналарга бириктирилган ходимлар тегишли идоралар раҳбарлари билан бирга шахсан жавобгар эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги истиқболли бозорларни кашф этиш ҳамда экспортга етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилиш учун янги захира ва имкониятларни аниқлаш ва сафарбар қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига берилган вазифалар ижроси юзасидан қўшимча манзилли топшириқлар берилди. Уларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги