Алоқа тарихи музейида “Ўзбекистон Республикаси почта маркалари Давлат коллекцияси” деб номланган янги экспозиция очилди
Бугун, 10 март куни Алоқа тарихи музейида “Ўзбекистон Республикаси почта маркалари Давлат коллекцияси” деб номланган янги экспозиция очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу экспозиция “Ўзбекистон почтаси” АЖ ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланди.
Маросимда Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Ўзбекистон алоқа тарихи музейи Тошкентдаги энг йирик ва машҳур музейлардан бири ҳисобланади. Музей экспозиция энг қадимгилардан тортиб то замонавий телекоммуникатсия тизимларигача бўлган турли хил алоқа усулларининг узоқ тарихини ўз ичига олади.
Замонавий уч қаватли музей биноси 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, унда алоқа соҳасининг шаклланиш ва ривожланиш йўлидан далолат берувчи 400 дан ортиқ турли экспонатлар жамланган.
Кўргазманинг асосий қисми Ўзбекистонда телефон алоқасининг ривожланиш тарихига бағишланган. Унда мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонда чиқарилган почта маркалари коллекциялари, 19 аср почта карточкалари, шунингдек, 60 йиллик тарихга эга телефонларни кўриш мумкин.
“Ўзбекистон почтаси” стендларида ўзбек почта алоқасининг шаклланиши Темурийлар сулоласидан бошлаб, унинг ривожланишининг замонавий босқичигача бўлган йўналишлар акс эттирилган.
1992 йил “Ўзбекистон маркаси” нашриёт маркази ташкил этилиб, ўша йилнинг 7 май куни мамлакатнинг энг биринчи почта маркаси чиқарилган. Ушбу почта маркаси – ўзбек халқининг машҳур шоираси Нодирабегим таваллудининг 200 йиллигига бағишланган.
30 йил мобайнида “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан 1530 та почта маркалари чиқарилган. Шулардан Флора туркумига бағишлаб – 275 та, Фауна туркумига бағилаб – 150 та, тарихий обидалар ва замонавий архитектураларга бағишлаб – 155 та, санъат ва маданиятга бағишлаб – 150 та ҳамда буюк ўзбек алломалари таваллуд топган кунларига бағишлаб – 177 та, юбилей саналарга бағишлаб – 243 та почта маркалари ишлаб чиқарилган.
2022 йилда “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан “Ўзбекистоннинг олтин мероси”, “Ўзбекистон музейлари”, “Ўзбек миллий таомлари” “Флора ва Фауна”га бағишланган, шунингдек, Япония ва Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликда ҳам почта маркалари чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги