Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Странжа” қаҳрамонлари Ватанга қайтишди
2022-03-01 | Спорт
Болгариянинг София шаҳрида "кичик жаҳон чемпионати" сифатида эътироф этиладиган "Странжа" халқаро турнири бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган боксчиларимиз бугун тунда Ўзбекистонга қайтиб келишди.
Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Маросимда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, кенг спорт жамоатчилиги ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов боксчиларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, уларга келгусида ҳам мана шундай чиройли ғалабаларни тилаб қолди.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Қайд этиш лозимки, Россия, Қозоғистон ва Украина каби терма жамоалар иккита таркиб билан иштирок этган мусобақада бундай натижани қайд этиш, бокс ҳамжамияти орасида шов-шувга сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз сафида қуйидаги боксчиларимиз совриндор бўлишди:
Олтин:
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов
-57 кг: Абдумалик Халаков
-63,5 кг: Мужибилло Турсунов
-80 кг: Одилжон Аслонов
-92 кг: Мадияр Саидраҳимов
+92 кг: Лазизбек Муллажонов
Бронза:
-52 кг: Турсуной Раҳимова
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон бокс федерацияси, спортчи ва мураббийларимизни ушбу мусобақада қўлга киритган ажойиб натижа билан табриклаб, боксчиларимизга кейинги мусобақаларда ҳам улкан ғалабалар тилайди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси