Ёшларни АКТ соҳасига кенгроқ жалб қилишда ва малакали IT мутахассисларни тайёрлашда IT Парк резидентлари бўлган ўқув марказлари билан самарали ҳамкорлик олиб бориш зарур
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари доирасида Нукус шаҳридаги IT Парк резидентлари “Texnopos IT mektebi” ва “Data Life” IT ўқув марказлари фаолияти билан танишди.
“Texnopos IT mektebi” ўқув маркази 2020 йил ноябр ойида фаолиятини бошлаган бўлиб, унда веб дастурлаш, Андроид дастурлаш, мобил ўйинларни яратиш, 3D-animatsiya, график дизайн йўналишлари бўйича машғулотлар олиб борилади. Ҳозирги кунда мазкур ўқув марказда 150 нафардан зиёд ёшлар таълим олмоқда. Битирувчиларнинг сони эса 360 нафарни ташкил қилади.
“Texnopos IT mektebi” ўқув маркази томонидан маданият, тиббиёт, туризм соҳаларида 20 дан ортиқ IT лойиҳалар амалга оширилди. Ҳозирги кунда ўқув марказ раҳбарияти ўз олдига IT академия ташкил қилишни мақсад қилиб қўйган.
АКТ вазири Ш. Шерматов “Data Life” ўқув маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Мазкур ўқув марказида компютер саводхонлиги, Фронтенд дастурлаш, PHP дастурлаш, Жава дастурлаш, Андроид дастурлаш бўйича курслар олиб борилади. Ўқув маркази томонидан 480 нафар ёшлар ўқитилиб, ҳозирги кунда 150 нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда.
Келгусида ўз фаолиятини кенгайтириш, хорижий компаниялар билан алоқа ўрнатиш ва чет эл бозорларига чиқиш вазифалари қўйилган.
Ташриф чоғида АКТ вазири Ш. Шерматов ёшларни АКТ соҳасига кенгроқ жалб қилишда ва малакали IT мутахассисларни тайёрлашда ўқув марказлари билан самарали ҳамкорлик олиб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги