Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раиси Девид Макаллистерни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бугунги маслаҳат учрашуви ҳамда жорий йил 31 январ куни Брюсселда бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15 йиғилишининг самарали натижаларини мамнуният билан қайд этдилар.
Минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, Европа Иттифоқининг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш зарурлиги қайд этилди.
Турли даража ва шаклларда бўлиб ўтадиган тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.
Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар билан биргаликда Оролбўйи минтақасининг экологик жиҳатдан заиф минтақасида ижтимоий йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги