Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янгиҳаёт туманини ривожлантиришнинг янги босқичи белгиланди
2022-02-19 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги “Тошкент индекс” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини бориб кўрди.
Мажмуа ҳудуди 72 гектар. Бу ерда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига савдо дўконлари, логистика ва экспо марказлари, меҳмонхона, ошхона барпо этилмоқда. Уларда жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи бу йил Наврўз байрами арафасида ишга туширилади.
Шу ерда Янгиҳаёт ва Сергели туманларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Ўтган йили Янгиҳаёт туманида 600 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингдан зиёд иш ўрни очилгани қайд этилди. Сергели туманида 65 та лойиҳа натижасида 2 минг 600 та иш ўрни ташкил этилган. Мактабгача таълим муассасалари, поликлиникалар, спорт майдончалари қурилган. Ички йўллар, коммунал тармоқлар таъмирланган.
Йиғилишда жорий йилги вазифалар кўрсатиб ўтилди.
Бу йил Янгиҳаёт туманида жами қиймати 3,8 триллион сўм бўлган 61 та лойиҳани амалга ошириб, 26 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
“Янги шаҳар” лойиҳаси доирасида 5 миллион квадрат метр уй-жой, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари қурилади. 430 минг аҳоли уй-жой билан таъминланади. “Йўлдош” мавзесидаги эски ёғоч уйлар бузилиб, уларнинг эгаларини замонавий турар жойларга кўчириш дастури бошланади.
Аҳоли зич маҳаллаларда учта болалар боғчаси, иккита мактабда қўшимча бино қурилади. Жамоатчилик фикри асосида аҳоли муаммоларини ҳал этишга 3,2 миллиард сўм йўналтирилади.
Сергели туманида умумий қиймати 6,4 триллион сўм бўлган 79 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 31 мингта доимий иш ўрни яратиш мўлжалланган. Жумладан, “Алютекс” корхонасида алюмин профиллар, “Резалит строй груп” корхонасида электрокар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
2 та мактаб, 2 та болалар боғчаси ва оилавий поликлиника қурилади. “Алишер Навоий” мавзесида Янги Ўзбекистон массивини қуриш ишлари бошланади.
Йиғилишда Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари сўзга чиқди. Ҳоким ёрдамчилари иштирокида иқтисодий, ёшлар етакчилари билан ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти