Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи кўприк қурилиши жадал давом этмоқда
2022-02-10 | Жамият
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилиш» трести” унитар корхонаси мутахассислари томонидан Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи, Амударё устидан ўтадиган янги темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини қуриш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Бугунги кунгача лойиҳада кўрсатилган 80,2 километрлик участкада режага кўра йўлсозлар томонидан умумий ер ишлари якунига етказилди. Ҳозирда қурилиш майдонига 115 та замонавий техника ҳамда 240 нафарга яқин мутахассис жалб этилган.
Мутахассислар томонидан “Шовот – Гурлан – Жумуртау – Койбакли” темир йўл линиялари оралиғида жами 4514,20 минг м3 кўтарма тупроқ ишларидан 4059,4 минг м3 (94 фоиз) иш ҳажми амалга оширилди. Умумий 80,2 километр темир йўл излари ётқизиш ишларидан 14,2 километр (16 фоиз) га бажарилди. Сунъий сув ўтказгич иншоотлари конструкциялари ишлаб чиқарилиб, умумий 233 та сунъий сув ўтказгич иншоотларидан 162 тасида (69 фоиз) қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Темир-бетон кўприклардан 1 таси қуриб битказилди, 4 тасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳага кўра дастлаб Қораўзак туманидан Амударё ва Гурлан туманлари орқали Шовот туманигача умумий узунлиги 80,2 километр бўлган темир йўл линиясини қуриш ҳамда шу оралиқдаги 3 та қўриқланадиган ва 24 та қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасини қуриш белгиланди. Шунингдек, 4 та авто йўл ўтказгичини, 9 та кўприкни ҳамда 25 кишига мўлжалланган 1 дона, 50 кишилик 2 та темир йўл вокзалини бунёд этиш, яна битта темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги ҳамда бошқа темир йўлга техник хизмат кўрсатиш бино ва иншоотларини қуриш кўзда тутилди.
Асосий қўшма кўприкнинг узунлиги 413 метр бўлиб, эни 8 метр, ҳар бир оралиғи 66 метрдан иборат. Лойиҳа бўйича 7 та устун ва 6 та оралиқ бўлади. Айни пайтда дарёнинг икки соҳилида ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Чап ва ўнг қирғоқда бўлажак иншоотнинг устунлари босқичма-босқич ўрнатилмоқда. Эътиборлиси, 7 та устуннинг ҳар бирига 35 та қувур қоқилиб, ер сатҳидан 38 метр чуқурликда бўлмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги