Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сенатда Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди
2022-02-04 | Жамият
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисоботи эшитилди.
Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисоботи эшитилди.
Ҳукумат ҳисоботи билан танишган сенаторлар давлат дастуридаги аксарият вазифалар ижроси таъминланганини қайд этдилар.
Хусусан, Дастурнинг 273 та бандидан 243 таси тўлиқ бажарилган, 5 та банддаги вазифаларнинг ижро муддати узайтирилган, 20 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 5 та банднинг ижроси бўйича тегишли лойиҳалар Олий Мажлис палаталарига киритилган.
Дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 187 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йилда ўтган йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажмини 7,4 фоизга оширишга эришилган, чакана савдо айланмаси ҳажми 12,0 фоизга ўсган, бюджет даромадлари 164 трлн 700 млрд сўмга ижро этилган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7 800 та қишлоқ ва маҳаллалардаги 45 567 та объектда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари тўлиқ якунига етказилган. 8 трлн 731 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобига 20 300 км узунликдаги автомобиль йўлларида, 382 та кўприкда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган. 5 892 км ичимлик суви тармоқлари ҳамда 559 та иншоот қурилиши ва реконструкция қилиниши натижасида 1 млн 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ва марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 65,1 фоиздан 69,7 фоизга етказилган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида белгиланган 23 трлн 500 млрд сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, 2 173 та объект фойдаланишга топширилгани, шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 524 416 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминлангани, 32 млн 500 минг аҳоли тиббий хатловдан ўтказилгани, 14 млнга яқин юртдошларимиз COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши икки дозада вакцина билан тўлиқ эмлангани алоҳида эътироф этилди.
2021 йилда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 62 фоизга етгани, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қабули 2020 йилга нисбатан 1,7 бараварга ортгани, ёшларни олий таълимга умумий қамров даражаси 28 фоизга оширилиб, 170 минг нафардан ортиқ ўғил-қизлар олий таълимга қабул қилингани ҳам Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жадал давом этаётганлигининг далилидир.
Сенаторлар дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини таъкидладилар.
Хусусан, Дастурда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш вазифаси белгиланган бўлишига қарамай, амалда 20 та геологик объект сотилган.
Ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини маҳалла даражасида касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириш вазифаси юзасидан туман-шаҳарларда амалга оширилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган.
Ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш, давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизими жорий этилмаган.
Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш вазифаси етарли даражада бажарилмаган.
Истеъмолчилар ҳуқуқи устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектлари рейтингини жорий қилиш тизими йўлга қўйилмаган.
Сенаторлар давлат дастуридаги топшириқлар ижросини таъминлашда Ҳукумат ва парламент аъзолари, тўртинчи ҳокимият ҳисобланган оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борса, кўзланган барча мақсадларга албатта эришилишини таъкидладилар.
Жонли муҳокама ва қизғин савол-жавоблар асосида ўтган ҳисобот якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: «Янги Ўзбекистон»