Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2022-02-04 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, республиканинг барча ҳудудларида театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйиш, маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини миллий чолғулар, мусиқа дарсликлари, ноталар тўпламлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлашнинг яхлит тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ:
1. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг қалбида миллий маданиятга бўлган муҳаббатни шакллантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгилансин:
а) умумий ўрта таълим муассасаларида:
мазкур қарорга 1-иловадаги рўйхатда келтирилган миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади ҳамда бу ҳақда уларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатига (шаҳодатнома) тегишли қайд киритилади;
мусиқа фани учун ҳафтасига белгиланган бир ўқув соати ҳамда унга қўшимча равишда ҳар ҳафта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш амалий тўгараклари ва факультатив дарслари ўтказилади;
мазкур қарорга 1-иловадаги рўйхатда келтирилган миллий чолғулардан камида биттасида, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса камида учтасида куй ижро этиш маҳоратига эга бўлиш мусиқа фани ўқитувчилари учун мажбурий ҳисобланади;
мусиқа фани учун ажратилган ўқув соатлари доирасида “Ҳаётимга ҳамроҳдир чолғу” шиори остида чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари йўлга қўйилади;
ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар билан таъминлаш умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тизимига киритилади;
ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишларига кўра миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этиш маҳорати, тасвирий ва амалий санъат, ҳунармандчилик йўналишларида амалий тўгараклар (кейинги ўринларда – амалий тўгараклар) ташкил этилади;
амалий тўгараклар раҳбарларига “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак раҳбари учун белгиланган базавий тариф ставкалари қўлланилади;
амалий тўгаракларни олиб бориш ҳисоби “Электрон кундалик” дастури орқали амалга оширилади ҳамда ҳар чоракда тўгарак иштирокчиларининг ҳисобот концертлари ташкил қилинади;
мусиқа санъати бўйича профессионал таълим ҳамда олий таълим тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлган, камида 3 та миллий мусиқа чолғуларида маҳорат билан куй ижро эта оладиган мутахассисларни асосий иш жойидан бўш вақтида у ердаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини сақлаб қолган ҳолда ўриндошлик асосида умумий ўрта таълим муассасалари мусиқа фани ўқитувчиси ва мусиқа йўналишидаги тўгарак раҳбари лавозимига тўлиқ ставкада ишга қабул қилишга рухсат берилади;
мусиқа фани ўқитувчиларини камида учта миллий мусиқа чолғуларида куй ижро этишга ўргатиш халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими доирасида амалга оширилади, бунда қайта тайёрлаш (малака ошириш) курсларида машғулот олиб бориш учун маданият ва санъат соҳаси вакиллари шартнома асосида жалб этилади;
б) умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида:
Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан бошқа маданият муассасалари билан ҳамкорликда лекторий концертларини ўтказиш йўлга қўйилади;
лекторий концертлари таълим ва маданият муассасаларида ташкил этилади ҳамда ўқувчи ва талабаларнинг мусиқий маданияти ва саводхонлигини юксалтиришга, эстетик диди, дунёқарашини кенгайтиришга ва мусиқани ҳис қилишига қаратилган амалий машғулотлардан иборат бўлади;
лекторий концертларининг ўтказилганлиги ҳақида тегишли таълим, маданият муассасаси, туман (шаҳар) ҳокимлиги ёки бошқа масъул ташкилот раҳбари ва Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори томонидан далолатнома тузилади;
лекторий концертларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет маблағлари (умумий ўрта таълим муассасаларида) ва бюджетдан ташқари маблағлар (олий таълим муассасаларида) ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан далолатнома асосида молиялаштирилади;
Маданият вазирлиги ҳайъати қарори билан умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида маданият ва санъат соҳасидаги давлат мукофотлари билан тақдирланган ижодкорлар раҳбарлигида уларнинг “маҳорат мактаблари” ташкил этилади;
“маҳорат мактаблари” раҳбари бўлган ижодкорлар Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан асосий иш жойи орқали ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорда қўшимча моддий рағбатлантириб борилади;
в) умумий ўрта таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказлари:
2022-2024 йилларда мазкур қарорга 1а-иловада белгиланган режа-жадвалга мувофиқ 3 тадан миллий мусиқа чолғулари тўпламлари билан таъминланади;
миллий мусиқа чолғулари тўпламлари билан таъминлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва тегишли маҳаллий бюджетлардан тенг улушларда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;
миллий мусиқа чолғулари тўпламлари Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан марказлашган тартибда харид қилинади ва тегишли давлат муассасаларига етказиб берилади, бунда харид комиссиясининг таркибига миллий мусиқа чолғуларида куй ижро эта олувчи юқори малакали мутахассислар киритилади, чолғулар улар томонидан синаб кўрилади;
г) ҳар йили:
ўқувчилар ва талабалар ўртасида мазкур қарорга 2-иловадаги рўйхат бўйича “таълим муассасаси – туман (шаҳар) – вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) – республика” кесимида маданият ва санъат соҳасидаги республика кўрик-танловлари ташкил этилади;
республика кўрик танловларининг “таълим муассасаси” босқичида тегишли таълим муассасаси жойлашган маҳалладаги ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш Ёшлар етакчилари ва маданият марказлари зиммасига юкланади.
2. Мазкур қарорнинг 1-бандида белгиланган тадбирлар ижросини самарали ташкил этиш мақсадида:
а) Халқ таълими вазирлиги (Б.О.Саидов) 2022 йил 1 июнга қадар:
ҳар бир умумий ўрта таълим муассасаларида директор буйруғи билан амалий тўгараклар ташкил этилишини, бу ҳақида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хабардор қилинишини таъминласин;
умумий ўрта таълим муассасаларида мусиқа фани ўқитувчиларига бўлган талаб ва келгусидаги эҳтиёжни мунтазам равишда таҳлил қилиб борсин, заруратга кўра, Маданият вазирлиги билан биргаликда мусиқа фани ўқитувчиларини тайёрловчи олий таълим муассасаларига буюртмалар бериб борсин;
б) Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков) икки ой муддатда:
мусиқий саводхонликни оширишга қаратилган лекторий концертларининг бадиий дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (Д.Н.Саттаров) билан биргаликда мусиқа чолғуларини ишлаб чиқарувчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда мазкур қарорга 1-иловадаги рўйхатда келтирилган миллий мусиқа чолғуларини ишлаб чиқариш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда қабул қилинишини таъминласин.
3. Қуйидагилардан иборат 2022 йилда республика миқёсида ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаси (кейинги ўринларда – 2022 йил учун календарь режа) тасдиқлансин:
2022 йилда Ўзбекистон Республикасида халқаро ва республика миқёсидаги фестивалларни ўтказиш режа-жадвали 3а-иловага мувофиқ;
2022 йилда Маданият вазирлиги томонидан “Маданият карвони” шаклида ҳудудларда концерт-томоша тадбирларини ўтказиш режа-жадвали 3б-иловага мувофиқ;
2022 йилда Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги бадиий жамоалар томонидан унинг ҳудудий бўлимлари билан бирга концерт-томоша тадбирларини ўтказиш режа-жадвали 3в-иловага мувофиқ;
2022 йилда Ўзбекистон миллий ва давлат симфоник оркестрлари, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ижодий (бадиий) жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарларини ташкил этиш режа-жадвали 3г-иловага мувофиқ;
2022 йилда Маданият вазирлиги тизимидаги давлат театрлари жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарларини ташкил этиш режа-жадвали 3д-иловага мувофиқ;
2022 йилда Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг Тошкент шаҳрида йирик концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш режа-жадвали 3е-иловага мувофиқ;
2022 йилда республика миқёсида касб байрамларини нишонлаш муносабати билан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари рўйхати 3ж-иловага мувофиқ;
2022 йилда ҳудудлардаги маданият муассасалари томонидан ўзаролик тамойили асосида бошқа ҳудудларга гастроль сафарларини, ҳудуднинг “маданият кунлари” тадбирларини ташкил этиш режа-жадвали 3з-иловага мувофиқ.
4. 2022 йил учун календарь режада белгиланган тадбирларнинг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида:
а) Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков):
2022 йил 1 июнга қадар “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситасини харид қилсин;
вазирлик тизимидаги концерт-томоша муассасалари, цирк ва театр ходимлари орасидан “Маданият карвони” таркибига киритиладиган ижодкорлар (доимий аъзолар ва муайян тадбирларда иштирок этувчилар) рўйхатини шакллантирсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил учун календарь режада белгиланган тадбирларни ўтказиш жойи, вақти, иштирок этадиган ижодкорлар ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ахборот тарқатишнинг бошқа манбалари орқали, шу жумладан, тадбир ўтказиладиган ҳудудлар аҳолисини камида икки ой олдин хабардор қилиш тизимини йўлга қўйсин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари:
бир ой муддатда ўз ҳудудларида 2022 йилда ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаларини тасдиқласин;
2022 йил учун календарь режада белгиланган тадбирларнинг юқори савияда ўтказилиши учун зарур ташкилий масалаларни ҳал қилсин;
ўзаролик тамойили асосида ўз ҳудудида фаолият юритаётган маданият муассасалари жамоаларининг бошқа ҳудудларга гастроль сафарларини, ҳудуднинг “маданият кунлари” тадбирларининг самарали ташкил этилишини таъминласин;
в) Туризм ва спорт вазирлиги (А.А.Абдухакимов) 2022 йил учун календарь режага киритилган тадбирларни маҳаллий ва хорижий туристлар орасида кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин, туристлар оқимининг ўзгаришини инобатга олиб календарь режага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни доимий равишда Маданият вазирлигига тақдим этиб борсин;
г) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ой муддатда “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга 2 дона махсус автотранспорт воситасини харид қилиш учун Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан қўшимча 20 миллиард сўм ажратилишини таъминласин.
5. Барча давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир маротаба бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш, концерт, цирк ва театрларга кириш учун билет ва абонементларни харид қилиш амалиётини жорий этсин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов), хўжалик жамиятлари муассиси бўлган бошқа давлат органлари бир ой муддатда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат корхоналарининг бошқарув органлари йиғилишларида ушбу ташкилотлар буюртмаси асосида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ўтказиш вазифасини бизнес-режага киритиш бўйича ташаббус билан чиқсин.
Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков) ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда ҳар ойнинг 25-санасига қадар барча даражадаги давлат бошқаруви органлари, муассасалари, корхоналари ва хўжалик жамиятларига улар жойлашган ҳудудда келгуси ойда ташкил этиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳақида маълумот бериб борсин.
6. Белгилансинки, 2022 йилдан бошлаб маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги қўшимча чоралари жорий этилади:
а) Маданият вазирлиги томонидан “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида ҳар йили қуйидагилар учун давлат буюртмалари берилади:
театрларда саҳналаштириладиган камида 40 та янги спектаклга;
композиторлар ва бастакорларга 40 та янги мусиқа асарлари, шу жумладан, опера, симфония, оратория каби мумтоз ва замонавий жанрлар, хусусан, эстрада бўйича асарлар яратишга;
камида 100 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратишга (кенг оммалашган 20 та аудиовизуал асар ижодкорлари Маданият вазирлиги ҳайъатининг қарори билан тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади);
камида 150 та энг яхши миллий қўшиқларни караоке ёрдамида ижро қилиш учун қайта ишлашга;
атоқли ижодкор-зиёлилар, аҳоли орасида юксак ҳурматга эга санъат ва ижод вакиллари томонидан олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси, ушбу ҳудудлардаги таълим муассасалари ўқувчилари билан ижодий учрашувлар ўтказишга (бир йиллик режа-жадвал ҳамда Маданият вазирлиги билан тузиладиган фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида);
таълим муассасалари (танаффус пайтида), аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар, савдо-кўнгилочар мажмуалар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, меҳмонхоналар ва бошқа ташкилотларнинг локал тармоқлари орқали эшиттириладиган ва ташриф буюрувчиларнинг руҳиятига ижобий таъсир қиладиган миллий куйлардан иборат мусиқий альбомларни тайёрлаш ва оммалаштириш ишларига (муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда);
б) аҳоли орасида кенг оммалашган Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги” номли саҳифалар ташкил этилиб, улар орқали Жамғарма маблағлари ҳамда саҳифаларни юритишдан келиб тушган маблағлар ҳисобидан ўзбек халқи миллий маданиятини тарғиб этувчи қуйидаги танловлар жорий этилади:
мусиқа чолғуларида (миллий, опера, симфония, оратория, эстрада, бошқа мумтоз ва замонавий жанрларда) бажарилган энг яхши 100 та ижро;
энг яхши 100 та миллий қўшиқ;
энг яхши 100 та миллий мусиқий клип;
караоке ёрдамида қўшиқ ижро қилишга мўлжалланган, энг яхши 100 та мусиқий композиция (қўшиқ матни билан);
давлат ва хусусий театрларда саҳналаштирилган энг яхши 50 та спектакль.
Бунда, ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар йил давомида жойлаштирилган ва ҳар йили 15 декабрь ҳолатига фойдаланувчилар томонидан энг кўп кўрилган ижролар орасидан аниқланади ҳамда Маданият вазирлиги ҳайъатининг қарори билан тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади;
в) юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда айланмадан солиқни ҳисоблашда солиқ солинадиган база ушбу ташкилот ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ўтказиш, шу жумладан, ушбу тадбирларга кириш учун билетлар харид қилишга йўналтирилган маблағлар суммасига камайтирилади, бунда мазкур чегириладиган маблағлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;
г) миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этадиган ташкилотлар учун айланмадан солиқ ва ижтимоий солиқ ставкаси 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар 1 фоиз этиб белгиланади;
д) Маданият вазирлигига ўз тизимидаги барча ташкилотлар учун бюджет ташкилотининг ривожлантириш жамғармаси маблағларини сарфлаш нисбатини (моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ҳамда ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига) мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади.
7. Мазкур қарорнинг 6-бандида белгиланган маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини ўз вақтида ва тўлиқ жорий этиш мақсадида:
а) Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков):
юксак бадиий савиядаги аудиовизуал асарларга давлат буюртмаларини жойлаштиришда уларнинг миллий адабиёт ва шеъриятимизнинг нодир дурдоналари асосида яратилиши, истеъдодли ижодкорлар томонидан маҳорат билан бадиий ўқиш, монолог ва бошқа шаклларда, шунингдек, хорижий тилларда ижро қилинишига, алоҳида эътибор қаратсин;
бир ой муддатда Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги” номли саҳифаларни ташкил этсин, уларни доимий равишда кенг жамоатчилик орасида оммалаштириш чораларини кўрсин, саҳифалар фаолиятини ташкил этишда муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилинишини қатъий назорат қилсин;
б) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) бир ой муддатда тегишли солиқ имтиёзларини жорий этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 январдаги ПФ-52-сон фармонига асосан Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
а) Жамғарма маблағлари республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар фойдасининг муассисга йўналтириладиган қисми ҳамда қонунчиликда белгиланган ёки тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади;
б) қуйидаги тадбирлар Жамғармага Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади:
“маҳорат мактаблари” раҳбари бўлган ижодкорларни қўшимча моддий рағбатлантириш;
оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаси асосида “Маданият карвони” шаклида ҳудудларда концерт-томоша тадбирларини, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси, давлат театрлари, Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ва Ўзбекистон давлат симфоник оркестри томонидан концерт-томоша тадбирларини ўтказиш;
“Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида Маданият вазирлиги томонидан бериладиган давлат буюртмаларини молиялаштириш;
“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги” номли саҳифалар орқали ташкил этиладиган танловлар ғолибларини тақдирлаш;
Маданият вазирлиги тизимидаги муассасалар томонидан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг рекламасини ташкил қилиш, телеканаллардан эфир вақтини сотиб олиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.
9. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов):
ушбу қарорда амалга оширилиши белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун Жамғармага 2022 йилда жами 50 миллиард сўм, шундан, 25 миллиард сўмни 2022 йил 1 мартга қадар, қолган 25 миллиард сўмни ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилишига қараб, Маданият вазирлигининг сўровига асосан ажратсин;
ушбу қарор билан Маданият вазирлигига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун 2023 йил Давлат бюджети параметрларида Жамғармага 50 миллиард сўм назарда тутсин.
10. Маданият ва санъат соҳасидаги ижодкорларни ҳар йили бир маротаба тақдирлаш мақсадида Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилсин.
Маданият вазирлиги икки ой муддатда маданият ва санъат миллий мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-33-сон фармонига мувофиқ белгиланадиган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилади.
12. Ҳудудий маданият органлари тузилмасидаги намунавий мақом ансамбллари негизида амалдаги молиялаштириш тартиби ва штат бирликлари доирасида юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбек миллий мақом санъати марказининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилсин.
13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканали Маданият вазирлигининг Бош ахборот ҳамкори этиб белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки:
Маданият вазирлиги томонидан намойиш этишга тайёр ҳолда тақдим этиладиган материаллар “Маданият ва маърифат” телеканалида томошабинлар учун қулай бўлган вақтларда бепул эфирга узатилади;
республика телеканалларидан томошабинлар учун қулай бўлган эфир вақтлари Маданият вазирлиги томонидан сотиб олинади ва ушбу вақтда вазирлик тақдим этган материаллар эфирга узатилади;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларда ҳар ҳафтада аниқ бир вақтда Маданият вазирлиги учун эфир вақти ажратилади;
телеканаллар фаолиятига тааллуқли тегишли лицензия талаблари ва шартларига миллий маданиятимиз дурдоналарини, шу жумладан, миллий чолғуларда асарлар ижро этилишини эфирга бериш талаблари киритилади.
Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Х.Шерматов) бир ой муддатда телеканаллар фаолиятини лицензиялаш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Қуйидагилар:
2022-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ;
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини автобус ва юк транспорт воситалари билан таъминлаш режаси 5-иловага мувофиқ;
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан туман (шаҳар) маданият бўлимларини махсус автотранспорт воситаси билан таъминлаш режаси 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ушбу бандда тасдиқланган “йўл харитаси” ва режаларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун шахсан масъул эканлиги белгилансин.
15. Молия вазирлиги 2022 йил олти ойлик якуни бўйича Давлат бюджети харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили Давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқишда зарур маблағлар назарда тутилишини таъминласин.
16. Муассаса ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўзларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ёки таъминлаш мақсадида хориждан импорт қилиб олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган мусиқа чолғулари, овоз кучайтиргич мосламалар, техник жиҳозлар, чироқлар, махсус либос ва оёқ кийимлар, “Маданият карвони” учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари, уларга ўрнатиладиган мусиқа техникаси ва саҳналар 2025 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 8-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
19. Маданият вазирлиги Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
20. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият вазири О.А.Назарбеков белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.А.Жўрабоев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 2 февраль
Манба: ЎзА