Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди

2022-01-28 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис охирги тўрт йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўймоқда. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари бу ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади.

– Бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ. Мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Бунга барча эътиборимиз ва ресурсларимизни сафарбар қиламиз. Қийин йўлни танлаяпмиз, лекин шу йўл муаммоларни ечади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мактабларни яхшилаш фақат Халқ таълими вазирлигининг эмас, балки барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Хусусан, мамлакатимиз бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш зарур. Бу 6 миллиондан зиёд ўқувчилар, 500 мингдан ортиқ муаллимлар, умуман, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажагига дахлдор.

Йиғилишда, аввало, соҳадаги муаммо ва долзарб масалалар кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтож. Афсуски, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб бор. 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарур. 2 мингдан ортиқ мактабда спорт зал йўқ.

Бундан ташқари, янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши ҳисобига яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор.

Шу пайтгача фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, болаларни мантиқий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатмаяпти.

Мактабларда ишлаётган 504 минг педагогдан 60 минг нафари ўрта махсус маълумотли, 190 минг нафарида эса умуман малака тоифаси йўқ. Кўп педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмас. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади.

Тизимда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисоботлар мавжуд, ўқитиш, тадбирлар ўтказиш каби жараёнлар ҳаддан ташқари қолипга солинган. Мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган. Атиги 615 та мактабда миллий мусиқа анжомлари мавжуд.

Мактабларни баҳолаш, уларни аттестация ва аккредитациядан ўтказиш номига бўлиб, таълим-тарбия муҳитини яхшилашга хизмат қилмайди.

Бу каби камчиликлар халқ таълими тизимида барча ёндашувларимизни тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни мутлақо такомиллаштиришни талаб қилади. Шу боис, мактабларнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфасини янгилаш, таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотлар бошланиши айтилди.

– Умуман, ўқитиш методикаси, дарсликлари, партадан тортиб, биносигача тўлиқ қайта кўриб чиқамиз. Таълимга, муаллимга шароит яратмасак, жамият ўзгармайди. Туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади. Республика кенгашига шахсан ўзим раҳбарлик қиламан. Туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлади, – деди Президент.

Бу кенгашлар соҳага оид ишларни халқ билан кенгашиб, ўқитувчилар, ота-оналар ва мутахассисларнинг фикрлари асосида ташкил қилади.

Йиғилишда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Келгуси беш йилда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни ташкил этиш зарур. Давлатимиз раҳбари янги мактаблар ва мавжудларида қўшимча бинолар қуриш орқали қувватларни ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Энди бу ишлар билан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари шуғулланиши таъкидланди. Давлат томонидан ажратиладиган маблағдан ташқари маҳаллий бюджет тушумларининг ҳам бир қисми мактабларга йўналтирилади. Энг муҳими, янги мактаблар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида қурилади ва фойдаланишга қабул қилинади.

Қурилиш вазирлигига янги талаблардан келиб чиқиб, “намунавий мактаб” лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шароитдан кейинги иккинчи муҳим масала бу – мактаблардаги муҳит. Давлатимиз раҳбари бунинг учун бошқарувни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, халқ таълими бўлими мудирлиги ва мактаб директорлигига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан мутахассислар жалб қилиш бўйича тавсиялар берди.

Халқ таълими вазирлигига ушбу мутахассисларга аниқ натижага асосланган талаб ва мезонларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Юқори малакали, изланувчан, ўзининг “маҳорат мактаби”га эга муаллимларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Унга кўра, Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилади
ва унга дастлаб бюджетдан 300 миллиард сўм ажратилади. Жамғарма маблағлари илғор педагогик технологияларни жорий этаётган, ўқувчилари юқори натижаларга эришган муаллимларга ҳам берилади.

Яна бир ташаббусга кўра, ҳар бир вилоятда педагогика институтлари, университетлар, академик лицей ва ихтисослашган мактаблар ўқитувчиларидан иборат “мобиль методик гуруҳлар” ташкил қиланади. Улар таълим сифати паст бўлган мактабларга бориб, педагогларга янгича ўқитиш услубларини тушунтиради ва кўмаклашади. Бунинг учун уларга алоҳида ойлик устамалари берилади.

Педагог кадрларни тайёрлаш тизими ҳам тубдан такомиллаштирилади. Бунинг учун Тошкент шаҳридаги 5 та ҳамда ҳудудлардаги 17 та олий таълим муассасалари доимий тарзда мактабларга бириктирилади. Талабалар 1-курсданоқ мактаблар билан боғлиқ тарзда ўқийди. Бу орқали ҳам талабанинг, ҳам мактаб ўқитувчисининг, ҳам олийгоҳ муаллимининг касбий маҳорати ошади.

Мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, болаларни фикрлашга чорлайдиган методикаларни жорий қилиш, дарсликларни илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва санъат тўгаракларини фаоллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар жуда муҳим эканини таъкидлаб, мутасаддиларга халқаро ташкилотлар билан биргаликда стратегия ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Шу асосда, Мактаб таълимини ривожлантириш дастури қабул қилиниши белгиланди.

Йиғилишда вазирлар ва ҳокимлар, юртимизнинг барча ҳудудларидан муаллимлар ва мактаб директорлари ўз таклифларини билдирди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться