Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Марказий Осиё давлатлари – Хитой” онлайн саммитида иштирок этди
2022-01-26 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Мамлакатлар етакчилари Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик якунларини сарҳисоб қилдилар, кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва келгуси истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида иштирокчиларни юбилей сана билан муборакбод этиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабатлар ўтган даврда жадал ва барқарор тус олганини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишларини баён этар экан, мамлакатимиз етакчиси тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги “Хитой – Марказий Осиё” иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон Президенти “Хитой – Марказий Осиё” йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳим эканини қайд этди. “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жорий йилдаёқ бошлаш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари саммит иштирокчилари эътиборини рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратди. IT-парклар негизида “Интеллектуал Ипак йўли” қўшма платформасини яратиш таклиф қилинди.
Соғлиқни сақлаш ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Вакциналар ишлаб чиқиш, синаш ва ишлаб чиқаришда Хитой билан шерикликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасида одамлар ва товарлар ҳаракатини енгиллаштириш мақсадида вакцинация паспортларининг ўзаро тан олиниши тарафдоридир.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш вазифасига тўхталиб, унинг ечимини аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти деб атади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларида Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига тез ортиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада тезкор қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди. БМТ Бош Ассамблеясининг пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суриш таклиф этилди.
Шу билан бир қаторда, “Яшил Ипак йўли”ни барпо этиш доирасида иқлим кун тартибини биргаликда илгари суриш зарурлиги таъкидланди.
Муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ва технологик ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган “Экологик тоза ривожланиш”ни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Марказий Осиё ва Хитой халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз етакчиси келгуси йилни “Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили” деб эълон қилишни, унда асосий эътиборни академик ва талабалар алмашинуви дастурларига, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга қаратишни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш масалаларига ҳам тўхталди. “Хавфсиз Ипак йўли” концепциясини амалга ошириш мақсадларидан келиб чиқиб Афғонистон йўналишидаги қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари Хитой халқига Пекин шаҳридаги қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилади.
Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар акс топган Қўшма баёнот қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти