Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Саноат, илмий, инновацион ва технологиялар парклари ассоциацияси (IPE) вакиллари билан музокаралар ўтказилди
2022-01-14 | Инновация
Жорий йилнинг 13 январь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Венгриянинг Саноат, илмий, инновацион ва технологиялар парклари ассоциацияси (IPE) ижрочи директори Norbert Morucz ўртасида видео мулоқот тарзида музокаралар бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бўйича фикрлар алмашди ҳамда 2021 йилнинг декабрь ойида Венгрияда томонлар ўртасида имзоланган меморандум ижросини таъминлаш мақсадида «Йўл харитаси» ишлаб чиқишга келишиб олишди.
Ҳамкорлик доирасида IPE резидентлари ҳамда етакчи ихтирочи ва стартап лойиҳалар ташаббускорларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек мазкур ассоциация билан INNO илмий-амалий технопарки негизида қўшма виртуал бизнес инкубатор ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида бизнес-инкубаторлар ва акселераторларни яратиш ва бошқариш жараёнига жалб қилинган мутахассислар, менторлар ва тренерлар, шунингдек, ҳудудий Ёшлар технопарклари ходимлари учун Венгрияда менторларни ўқитиш курсларини ташкил этиш ҳамда технопаркларни бошқаришда IPEнинг асосий самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитида мослаштиришга келишдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги