Гастрономик туризм: Истанбулдаги фестивалда ўзбекистонликлар совринли ўринларни эгаллади
Истанбул шаҳрида 18 Халқаро гастрономик пазандачилик фестивали бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакиллари иштирок этиб, 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди.
Фестивалда дунёнинг турли давлатларидан ошпазлар, шунингдек, Ўзбекистон, Эрон, Тунис, Қирғизистон, Германия, Хорватия, Сербия, Озарбайжон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келган халқаро даражадаги ҳакамлар қатнашди.
Ўзбекистонликларнинг жаҳон мусобақалари ва чемпионатларида фаол иштирок этиши гастрономик туризмни оммалаштириш ва Ўзбекистонга кўплаб хорижий гурманларни жалб этиш ҳамда бу сайёҳлик йўналишидан қўшимча даромад олиш имконини беради.
Ошпазлик чемпионатининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси жамоаси 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди:
1) "Десерт" номинатсияси - Олтин медал - Усмонолиев Абдулазиз
2) "Балиқ" номинатсияси - Олтин медал - Оразбаева Сарбиназ
3) "Балиқ" номинатсияси - Кумуш медал - Султонов Даврон
4) "Балиқ" номинатсияси - Кумуш медал - Хамидуллаев Саидазамхон.
Дунёнинг машҳур ошпазларидан иборат ҳакамлар ҳайъатининг кучли талабларидан иборат номинатсиялар бўйича ўзбекистонликларнинг қўлга киритган совринлари Ўзбек ошхонасининг юксак ютуқлари, мамлакатимиз ёш авлодининг салоҳияти, Ўзбекистон анъаналарини жаҳон ҳамжамиятига муносиб даражада олиб кираётганлигидан далолатдир.
Маълумот учун, Ўзбекистон Ошпазлар ассотсиатсияси 2010 йилдан буён жаҳон ошхонасининг пазандалик стандартларини сақлаш ва такомиллаштиришни мақсад қилган мутахассислардан иборат Бутунжаҳон ошпазлар ҳамжамиятининг расмий аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси ташкил этилганидан буён барча умумий овқатланиш ташкилотларига кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, умумий овқатланиш пункти фаолиятининг технологик жараёнларини жорий этиш бўйича ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги