Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация маркази биноси Наврўз арафасида ишга тушади
2022-01-11 | Инновация
«Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация марказини ташкил этиш асосида луғат ва матн таржимони интеллектуал платформасини яратиш» мақсадли амалий лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 6 млрд.сўм маблағ билан молиялаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа Андижон давлат университетининг чет тиллар факультети негизида амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа билан яқиндан танишиш ва уни ўз вақтида белгиланган календарь график асосида бажарилишини назоратга олиш ҳамда мониторинг қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш бошқармаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ таржимашунослик ва луғатшунослик инновация марказига ташриф буюрди Бошқарма мутахассислари лойиҳа ташаббускори ва раҳбари Мухторхон Умархўжаев билан учрашиб, лойиҳанинг амалий аҳамияти ва кейинги истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат давомида ушбу марказда ташкил этиши режалаштирилган луғат ва матн таржимони интеллектуал платформаси, мобил илова ва таржимон дастури, сунъий онг платформалари асосида электрон луғатлар ва яна бир қатор лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Марказ фаолиятини янада ривожлантириш, яқин келажакда амалга ошириладиган мақсадли лойиҳаларни Инновацион ривожланиш бошқармаси билан ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан қатор керакли тавсия ва маслаҳатлар берилди. Жумладан, ушбу инновацион марказга ёшларни янада кенгроқ жалб қилиш, жаҳондаги етакчи таржимашунослик ва луғатшунослик марказлари билан мақсадли илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ ушбу марказда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан ҳам танишиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирдилар. Таржимашунослик ва луғатшунослик инновация марказини жорий 2022 йил Наврўз байрами арафасида тантанали равишда ишга тушириш, ушбу жараёнларга вазирлик ва вилоят ҳокимлиги мутасадди раҳбарларини таклиф этиш, марказ фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш учун ОАВ вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги