Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адлия вазири: Фаолиятимиз фуқаро эҳтиёжига қараб, аҳолини рози қилишга йўналтирилган

2021-12-30 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов вазирлик ташаббуси билан 2021 йил давомида қилинган айрим ишлар, якунига етказилган муҳим лойиҳалар ҳақида ўз расмий саҳифасида баён қилиш билан бирга бутун халқимизни кириб келаётган Янги йил билан табриклади:

“Йил тугаётган лаҳзаларда, табиийки, ҳар бир инсон ёки жамоа босиб ўтган бир йил давомидаги йўлга назар ташлайди ва сарҳисоб қилади. Биз ҳам бу борада қисқача ахборотни ҳавола қилмоқчимиз.

Адлия тизими бир кунда ўртача 70 минг фуқарога хизмат кўрсатмоқда. Адлия органлари фаолиятини фуқаро эҳтиёжига қаратилган тарзда ташкил қилиш ва аҳолини рози қилиш бизнинг мажбуриятимиз. Бунинг учун, аввало, бюрократияни қисқартириш аҳолининг ҳаётини осонлаштиришда тез самара берадиган воситадир.

Биргина 73 турдаги маълумот ва “справка”ларнинг бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 5 миллиондан ортиқ фуқаронинг овора бўлишига барҳам берилди, уларнинг 60 миллиард сўмдан ортиқ маблағи ўзида қолди.

ФҲДЁ тизимида рақамлаштиришни тугатдик (60 миллион ҳужжат), натижада фуқаро исталган ФҲДЁга мурожаат қилиши мумкин, яъни экстерриториал принцип янада кенгайди. Композит хизматлар киритилди, туғилганлик гувоҳномаси билан бирга бошқа 4 та хизматни бир вақтнинг ўзида олиш имконияти яратилди.

“Лицензия” ахборот тизими ишга туширилди ва 17 мингдан ортиқ электрон лицензиялар берилди. Бунинг натижасида шунча фуқаронинг давлат идораларида сарсон бўлишига чек қўйилди.

Умуман олганда, ўтган йил давомида тизим ташкилотлари томонидан аҳолига 11 миллиондан ортиқ хизматлари кўрсатилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги 159 давлат хизматлари маркази бинолари, чекка ҳудудларда 149 филиал ташкил этилди.

Келаётган йилдан 59 турдаги давлат хизматини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилади.

Кам таъминланганлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари бўйича ҳар қандай тўловлар 50 фоиз чегирма билан кўрсатилади. 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, илгари тўлов ундирилган 2 турдаги хизмат бепул кўрсатила бошланди.

Бу йил Давлат раҳбарининг топшириғи билан коррупцияга қарши, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича 3 та муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда Адлия вазирлиги асосий ижрочи бўлди.

Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 хил тоифадаги маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Уларнинг очиқланиши жамоатчиликда мустақил суриштирувлар олиб бориш имкониятини оширади.

Адлия вазирлиги ишлаб чиққан e-qaror.gov.uz тизимида ҳокимларнинг барча қарорлари (2021 йилда 80 мингта) эълон қилинмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама бўлган кейслар (ҳокимлик хизмат автомашиналари, мажбурий обуна ва ҳ.к.) айнан “E-qaror” тизими шарофати билан жамоатчилик эътиборига тушиб, бекор қилинмоқда. Жумладан, 1339 қарор “E-qaror” тизимини мониторинг қилиш орқали бекор қилинди.

Ноқишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишнинг ҳокимликлар аралашувисиз, барча учун бир хил ва шаффоф бўлган тартиби жорий этилди, бунда барча қонунчилик пакетини ишлаб чиқиш бўйича асосий ижрочи Адлия вазирлиги бўлди. Очиқ аукционнинг илк натижаларини кўра бошладик. Масалан, Сергелида 4 сотих ер e-auksion да 2 миллиард сўмга сотилиши жуда аҳамиятли воқеа: бир томондан бу очиқ савдода ернинг асл бозор нархи қайд этилаётгани бўлса, бошқа томондан пуллар кимларнингдир чўнтагига эмас, давлат бюджетига тушади.

Президент ҳужжатларининг ижросини назорат қилиш адлия идораларига юклатилгандан кейин Адлия вазирлиги бу борадаги ишларини ҳам кучайтирди. Ижроси пайсалга солинаётган 2800 та топшириқнинг ижроси таъминланди. Ҳозирда Республика миқёсида 3 мингдан ортиқ Президент ҳужжатларидаги 60 мингдан ортиқ топшириқлар мавжуд бўлиб, шулардан 82,3 фоиз бажарилган, 17,7 фоиз ижро жараёнида.

Юқоридагилар йил давомидаги фаолиятимизнинг айрим жиҳатлари, холос. Амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчилик олдида батафсил ҳисоботни кейинги йил бошида тақдим қиламиз.

Барчани янги йил билан табриклаймиз ва энг самимий тилакларни билдирамиз!”

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться