2022 йилда ахборот технологиялари экспортини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш орқали аҳолини рози қилиш энг муҳим устувор вазифа эканлиги белгиланди
2021 йил 28 декабр куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси ўтказилди.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида (IT Парк) бўлиб ўтган йиғилишда Вазирликнинг марказий аппарати, тизимдаги корхона ва ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Ҳайъат йиғилишини Ахборот технологиялари ва коммуникатсияларини ривожлантириш вазири, Ҳайъат раиси Ш. Шерматов олиб борди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида 2021 йил 24 декабр куни Ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳани янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказилган йиғилишдаги берилган топшириқларнинг ижросини ташкил этиш вазифалари муҳокама этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 28 июлдаги 467-сон қарорининг ижросини таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
“Давлатимиз Раҳбари айнан ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича алоҳида устувор вазифаларни белгилаб бердилар. 2028 йилга қадар дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 миллиарддан оширишни асосий мақсад сифатида белгилаб олдик. Шунда IT Парк ҳам ўзига хос мегапроектга айланади. Унинг бошқа соҳалар экспортидан жуда катта фарқи ҳам бор, яъни бундай экспортда Ўзбекистонда қўшилган қиймат деярли 100 фоиз бўлади, уни амалга ошириш учун қўшимча импорт маҳсулот ёки хом ашё керак бўлмайди.
1 та экспортда ишлайдиган ходим 2000 доллар ўртача ойлик олса, бир йилда унинг маошининг ўзи 24 минг доллар экспорт даромадини олиб келади, шундай ходимларнинг сони 40 мингдан ортса, уларнинг ойлигини ўзидан деярли 1 миллиард доллар экспорт даромади юртимизга кириб келади. 4,5 йил аввал дастурчилар учун Президент Фармони билан алоҳида солиқ муҳити яратилганидан кейин, дастурлаш хизматлари 50 баробардан ортиқ ошгани фақат бошланғич қадам бўлди. – деди АКТ вазири Ш. Шерматов.
Шу билан бирга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматовнинг мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича олиб бориладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Йиғилишда электрон ҳукумат тизимини жорий этиш ва шу ёъналишдаги рейтингда юқорига кўтарилиш муҳим эканлиги белгиланди.
Энг биринчилардан бири бу – инфратузилма компоненти, яъни қишлоқ жойларгача юқори тезликдаги интернетни етказиб бориш долзарб вазифа бўлиб турибди. Уч йил давомида асосан ижтимоий-сиёсий объектларга оптик тола тортилиши бўйича катта ишлар амалга оширилди. Энди шу олиб борилган оптик толани ўша жойларда яшайдиган аҳолига етказиб бериш қолди. Бунинг учун биз жойлардаги портлар сонини камида 1 миллионтага оширишимиз керак. Шунда камида бир миллионта қўшимча абонентга хизмат кўрсатишга имконият бўлади», – деди АКТ вазири.
Давлат органларидаги мавжуд рақамли маълумотлардан хусусий сектор вакиллари томонидан ҳам ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда фойдаланиш имкониятини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
“Беш ташаббус” доирасида ёшларни дастурлаш тилларига бепул ўқитиш мақсадида “Бир миллион дастурчи” ва бошқа шу каби лойиҳаларга ёшларни кенгроқ жалб қилиб, уларни малакали кадрлар сифатида етиштириш, IT соҳасига жалб қилиш ва шу орқали оилаларнинг маълум миқдорда моддий барқарорлигини яхшилашга эътибор қаратиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
2022-2026 йилларда АКТ соҳасини ривожлантириш учун умумий қиймати 1,5 миллиард доллар миқдоридаги инвеститсия лойиҳаларини амалга оширилади.
2026 йил якунига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари сонини 610 тага етказилади.
2022 йил иккинчи ярмидан бошлаб ахборот-коммуникатсия технологиялари соҳасида юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳамда хорижий инвесторларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида уларга ва уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикасида меҳнат ва инвеститсия фаолиятини олиб боришлари учун соддалаштирилган тартибда виза бериш ва узайтириш тизими жорий этилади.
Шу билан бир қаторда, Вазирлик олдига 2022 йилда ахборот технологиялари экспортини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш орқали аҳолини рози қилиш энг муҳим устувор вазифа эканлиги белгиланди
Ҳайъат мажлисида вазир ўринбосарлари, марказий аппарати, шунингдек тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбар-ходимларининг кун тартибида белгиланган масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Ҳайъат мажлисида кўрилган масала юзасидан вазирликнинг тегишли бошқарма ва бўлим раҳбарларининг ушбу масалалар тўғрисидаги фикрлари тингланди.
Кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан Вазирлик Ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилиши бўйича тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги