Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон — Корея: инновацион технологиялар бўйича ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади
2021-12-22 | Инновация
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни илм-фан, инновацион технологиялар, хусусан, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “ақлли шаҳарлар”, ахборот технологиялари соҳасидаги ўзаро манфаатли, изчил алоқаларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Аҳоли турмуш даражасини ошириш, фуқароларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва шаҳарсозлик соҳасини ривожлантириш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Кореянинг Korea Land & Housing корпорацияси ҳамкорлигида “Халқаро инновацион қурилиш мажмуаси ва “Ақлли шаҳар” замонавий сунъий йўлдош шаҳар барпо этиш” қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида 400 гектар майдонда “Смарт-сити” барпо қилиш учун Кореянинг йирик компаниялари жалб қилиняпти. 2021 йилнинг апрель ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан таклиф этилган Бектемир туманида “Халқаро инновацион қурилиш комплекси ва замонавий йўлдошли ақлли шаҳар барпо этиш” инвестиция лойиҳаси бош режа техник иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш учун Корея ҳукуматининг “Ақлли шаҳарсозлик” дастури доирасида грант маблағлари ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига 16-17 декабрь кунлари олий даражадаги ташрифи давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ўртасида “ақлли шаҳарлар”ни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум икки стратегик ҳамкор давлат ўртасида “ақлли шаҳарсозлик” соҳасида ўзаро тажриба, технологиялар, маълумот ва инсон ресурслари алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма лойиҳалар, “ақлли уйлар ва шаҳарлар” барпо этиш бўйича мукаммал тренинглар, экспертлар гуруҳини ташкил этиш, ўзаро ташрифларни йўлга қўйиш йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини ўз ичига олади.
Бектемир туманида барпо этиладиган “Смарт-сити” ўз ичига сўнгги инновацион технологияларни жорий этиш, хусусан, “ақлли” кўчалар, бинолар, коммунал ва транспорт инфратузилмаси, илғор АКТ технологиялари билан интеграциялашган давлат ташкилотлари идоралари, бизнес-молиявий марказлар, ижтимоий объектларни ўз ичига олиши лойиҳалаштирилмоқда.
Президентимизнинг Кореяга ташрифи доирасида, шунингдек, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмалари ишлаб чиқариш технологияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва Корея саноат технологиялари институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Меморандум доирасида мис саноатига технологиялар трансфери, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, илм-фан ва инновация бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади.
2020-2021 йилларда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 10 нафар ходими Корея саноат технологиялари институтига илмий стажировкага юборилди. Ҳозирги кунда Кореянинг Нодир металлар маркази ва Корея саноат технология институти (KIRAM) билан келишувга асосан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ёш мутахассислари учун KIRAM мутахассислари томонидан кукунли металлургия, аддитив технологиялар, қопламаларни қуйиш технологияси мавзулари бўйича онлайн ўқув курслари ташкил этилди.
Шунингдек, “INNO” ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркига Кореяда ишлаб чиқарилган металл кукунидан деталлар ишлаб чиқарадиган Metalsys 3D принтер ўрнатилди ва ҳозирда хориждан катта маблағга харид қилинадиган турли соҳаларда фойдаланиладиган ноёб, қимматбаҳо деталларни ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлдик. Яқин кунларда айнан мис кукунига ишлов беришга мўлжалланган шундай принтер олиб келинади. Бу арзон нархларда импорт ўрнини босувчи техник воситаларни яратишимизга хизмат қилади.
Умуман олганда, Корея Инновацион ривожланиш вазирлигининг муҳим ҳамкорларидан бўлиб, бугунги кунда илм-фан соҳасида ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, фундаментал лойиҳаларга тўхталадиган бўлсак, Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази ҳамда Жанубий Кореянинг Ённам университети биргаликда узум геномларини чуқур таҳлил қилиш, номзод генлар ва маркерларни аниқлаш хамда узумнинг данаксиз янги навларини яратиш қонуниятларини тадқиқ этмоқда. Ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети Ханкук хорижий тадқиқотлар университети билан булак-полиномиал базисларда сигналлар ва тасвирларга рақамли ишлов беришнинг интеллектуал дастурий-техник тизимларини яратиш бўйича назарий-методологик иш олиб бормоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, замонавий фан-таълим йўналишларида янги инфратузилмаларни ташкил қилиш, илмий фаолият самарадорлиги ва молиялаштирилишни таъминлаш, инновацион тадбиркорлик ва стартап корхоналарни ташкил қилиш ҳамда ёш авлодни тарбиялашни йўлга қўйиш орқали инновацион экотизим, тижоратлаштириш тафаккурини шакллантириш борасидаги ишларни самарали ташкил қилиш учун Жанубий Кореядан вазирликка маслаҳатчи сифатида Ким Жонг Хён жалб қилинган эди. Унинг вазирлигимиздаги фаолияти давомида Кореянинг стартаплар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришни ичига олган ҳолда инновацион экотизимни ривожлантириш тажрибаси юртимизга татбиқ этилди. 2021 йилда маҳаллий ва халқаро танловлар доирасида жами 38,8 миллиард сўмлик 55 та стартап лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди. Мазкур танловларни ташкил этиш, танлов мезонларини белгилашда кореялик маслаҳатчи тақдим этган тавсияларнинг ҳам ўз ўрни ва салмоғи бор, деб бемалол айтиш мумкин.
Вазирлигимиз томонидан Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда Корея Республикасининг ривожланиш учун расмий ёрдам дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистон — Корея нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар технологик маркази ташкил этилган бўлиб, ҳозир уни модернизациялаш ишлари олиб борилмоқда. Марказда ОКМК ҳисобидан 2024 йилгача лаборатория ускуналарини ўрнатиш жараёни уч босқичда амалга оширилади. Айни пайтгача 1,1 миллион доллар қийматидаги ишлар бажарилди.
Чирчиқ шаҳридаги Нодир металлар марказини ривожлантириш учун Кореянинг ODA дастури доирасида 15,5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи жалб қилинмоқда. Бугунги кунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасини ишлаб чиқиш ишлари Кореянинг Нодир металлар институти томонидан олиб бориляпти. Грант маблағлари ҳисобига саноат-тажриба ускуналарини етказиб бериш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан Корея илғор технологияларни ривожлантириш институти ҳамкорлигида нодир металлар саноатини ривожлантириш, Тошкент вилоятининг илмий-техникавий салоҳиятини ошириш ва халқаро бозор нархида имтиёзли шартлар асосида Жанубий Кореяга молибден экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилган яна бир лойиҳа, бу — инновацион иссиқхоналар бўлиб, ҳозирда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 0,25 гектар ер майдонига қовун етиштириш иссиқхонаси ҳамда Тошкент вилоятида қулупнай етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона қуриб битирилди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги “Ўзавтосаноат” АЖ билан ҳамкорликда Жонбук технопарки томонидан таклиф этилган ODA дастурининг беғараз кўмаги асосида сиқилган табиий газ асосида экологик тоза қишлоқ хўжалиги техникаси платформасини яратиш бўйича лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида мамлакат қишлоқ хўжалиги техникаларини тўртинчи авлод экологик тоза сиқилган табиий газ баллон ёқилғисига ўтказиш ҳамда R&D тадқиқот маркази фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бундай газ баллонли ускуна двигатель учун хавфсиз, кам харажатли бўлиб, газ балоннинг ишлашига ҳайдовчининг минимал аралашуви талаб этилади.
Лойиҳада Жонбук технопарки томонидан 10 миллион АҚШ доллари қийматида технологиялар трансфери ва R&D тадқиқот маркази ходимларининг Жанубий Кореяда малакасини ошириш, “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 3 миллион АҚШ доллари қийматида бино билан таъминлаш, бинони сақлаш ҳамда тадқиқот марказининг ходимларга маош тўлаш билан боғлиқ харажатлар амалга оширилиши назарда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш йўлидаги амалий ҳаракатларнинг амалий кўзгуси бўлди. Ва энг муҳими, халқларимизни янада жипслаштириш йўлида тарихий қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги