Ўзбекистон тарихида биринчи марта БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг Бош ассамблеяси ўтказилади
2023 йилда Самарқанд Бутунжаҳон туризм пойтахтига айланади.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеяси 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган UNWTO нинг 24 сессияси доирасидаги овоз бериш жараёни натижаларига кўра шу ҳақда маълум қилди.
“Шуниси диққатга сазоворки, тарихда биринчи марта БМТ оиласи таркибига кирувчи ташкилотларнинг Бош ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Буларнинг бари Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатлари, туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда бу орқали мамлакатимизнинг жаҳон саҳнидаги нуфузини ошириш йўлидаги саъй ҳаракатлари натижасидир.
Таъкидлаш лозимки, UNWTO 25-Бош ассамблеясининг қадимий Самарқандда ўтказилиши бу ерга мингдан ортиқ хорижлик меҳмонларнинг ташриф буюриши ҳамда бу орқали маҳаллий аҳоли ва ҳунармандларнинг даромад кўришига олиб келади. Бундан ташқари, юқори даражадаги тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон оммавий ахборот воситаларининг ҳам эътиборини тортиши шубҳасиз, бу эса охир-оқибат мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда юртимизга яна-да кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида хизмат қилади”, - деди Азиз Абдуҳакимов.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти ва унга аъзо давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан муносабатларини яна-да кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 30 ноябрь-2 декабрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Испания қироллигига ташрифи ташкил этилди. 24 сессияда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси таркибидан Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Испания қироллигидаги элчихонаси вакиллари ўрин олди.
Мадрид шаҳрида ўтган тадбир доирасида 2023 йилда UNWTO Бош ассамблеясини ўтказиш учун Ўзбекистон ва Португалия даъвогарлик қилди. Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон яққол устунлик билан аксарият овоз тўплаб, 2023 йилги Бош ассамблеяни қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Самарқанднинг туристик салоҳиятини яна-да юксалтириш ҳамда уни дунё сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш борасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда, бу ерда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда янги замонавий аэропорт ҳамда туризм объектлари бунёд этилмоқда.
Шулардан бири “Samarkand Touristic Centre” бўлиб, у эшкак эшиш канали қирғоғида 212 гектар майдонда қад кўтармоқда. Бу ерда қурилаётган “New Renaissance” конгресс-холли, меҳмонхоналар, ресторанлар, дам олиш масканлари, савдо марказлари, амфитеатр, “Мангу шаҳар” каби иншоотлари ҳудуднинг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш йўлида хизмат қилиши шубҳасиз. Янги объектни 2022 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, UNWTO Бош ассамблеяси икки йилда бир марта ўтказилувчи энг муҳим туристик форум бўлиб, бундай юқори даражадаги тадбир, яъни БМТ оиласига кирувчи ташкилотлар Бош ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши биринчи тарихий ҳодисадир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги