Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Стокгольм шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 28 йиғилишида иштирок этди. Швеция раислигида ўтган учрашувда ЕХҲТ маконида ҳарбий-сиёсий, иқтисодий-экологик ва инсоний ўлчовлардаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида йиғилиш иштирокчилари эътиборига мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни ҳавола этди.
Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда ижобий суръатларда ривожланаётгани, жумладан, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш соҳаларида техник ёрдам кўрсатиш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ўзбекистон томони ҳамкорликни давом эттиришга ҳамда барча соҳалар бўйича долзарб дастурлар сонини мутаносиб равишда оширишга тайёр экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, ЕХҲТ фаолиятида иқтисодий ва экологик омилларнинг аҳамиятини кучайтириш муҳим бўлиб, бу кенг қамровли хавфсизлик концепцияси тўлиқроқ амалга оширишга имкон беради. Шу муносабат билан ўзаро савдони кенгайтириш, саноат кооперацияси чуқурлаштириш, аграр секторда янги технологияларни жорий этиш, табиатни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни сақлаш масалаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича келишилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарур.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги