UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор DNSSEC (Domain name system security extension) домен номларини ҳимоя қилиш технологиясини йўлга қўйилганини эълон қилди.
Технологиянинг моҳияти шундан иборатки, ушбу технология рўйхатдан ўтган веб-сайтлар домен номи ҳақидаги маълумотларни ҳимояланган шаклда узатади ва бу фирибгарларнинг домен номини ўзгартиришга уринишлари ва фойдаланувчини сохта сайтга «олиб кетиш» имкониятларини сезиларли даражада чеклайди.
UZINFOCOM Ягона интегратори Ўзбекистон миллий домен зонасига хизмат кўрсатувчи барча юқори даражадаги серверларда кенг кўламли ишларни амалга оширди ва ҳозирда барча серверда ушбу хавфсизлик технологиясидан фойдаланилади.
“Ҳозирда биз Uznetда фирибгарлик операциялари кўпайганини кўрмаяпмиз, бироқ маҳаллий веб-сайтларнинг домен номларини алмаштириш билан фишинг ҳолатлари қайд этила бошланди. Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш устида ишламоқдамиз. Республикада биринчи марта веб-технологиялар ва интернет хавфсизлигини тарғибот қилувчи ижтимоий рекламани йўлга қўймоқдамиз. Ҳар бир веб-сайт эгаси тармоқ хавфсизлиги хизматидан бемалол фойдаланишини истаймиз” - деб таъкидлади
UZINFOCOM Ягона интегратори раҳбари Эмил Гимранов.
DNS протоколи стандарти 1983 йилда ишлаб чиқилган. Domain Name System (DNS) дастлаб хавфсизлик мақсадлари учун эмас, балки кенгайтириладиган тақсимланган тизимларни яратиш учун ишлаб чиқилган. Вақт ўтиши билан DNS тизими тобора заифлашиб бориши кузатилмоқда. Фирибгарлар фойдаланувчи сўровларини рамзий ном билан сохта серверларга йўналтириб кредит карта рақами, пароли ва бошқа махфий маълумотларга осонгина эга бўлмоқдалар. Фойдаланувчиларнинг ўзлари ҳеч нарса қила олмайдилар, чунки кўп ҳолларда уларнинг сўрови бошқа жойга йўналтирилганлигига шубҳа ҳам қилмайдилар – браузернинг панелидаги ёзувлар ва сайтнинг номи фойдаланувчи кўришни кутган нарса кўринади. DNS хавфсизлигини таъминлаш умумий интернет хавфсизлиги учун жуда муҳимдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги