Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ФАО-ГЕФ ҳамкорлигидаги “Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида Тошкент давлат аграр университети билан битим тузди.
Мазкур келишув доирасида ФАО Наманган, Сирдарё ва Қашқадарё волиятларида жойлашган 4 та намунавий участкаларда таназзулга учраган ўрмонларни қайта тиклаш, яйловларни барқарор бошқариш, плантатсиялар яратиш, ёғочдан бўлмаган ўрмон маҳсулотларни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан вазифаларни бажариш борасида Университетга молиявий ёрдам кўрсатади.
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ўрмонлар чўлланишга қарши курашиш, эрозия ва бошқа табиий катаклизмларнинг олдини олиш, шунингдек суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловларни таназзулдан ҳимоя қилишда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Улар экология, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва сув ресурсларини сақлашга сезиларли та’сир кўрсатади.
Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилади, шунинг учун аҳолининг фаровонлиги тўғридан-тўғри ўрмонларга ва давлат ўрмон фондининг бошқа тоифаларига боғлиқ. Бироқ мавжуд тизимли ва ҳолатларга боғлиқ бўлган нуқсонлар туфайли дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиш ва назоратсиз мол боқиш ҳолатлари учраб туради.
«Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Ўзбекистонда ўрмонларни барқарор ривожлантиришни тарғиб қилиш борасида муҳим ишларни амалга оширмоқда. Бунда ўрмон хўжалигини бошқариш ва ўрмон ресурсларидан фойдаланишнинг шундай усулини қўллаш назарда тутилмоқдаки, маҳаллий аҳолига ўрмон маҳсулотларидан янада кенгроқ фойдаланиш, ўрмонларни бошқаришда бевосита иштирок этиш, ўрмон ҳосилдорлигини ва шу билан бирга, уларнинг экологик функцияси, эстетикаси ва рекреатсион қимматини, биологик ва ландшафт хилма-хиллигини сақлаб қолишга имкони берилади», – таъкидлади ФАО/ГЕФнинг “Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш”лойиҳаси координатори Олимжон Қаххоров.
ФАО ва Глобал экология фондининг «Ўзбекистоннинг тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси 2018 йилдан Сирдарё, Поп, Китоб ва Деҳқонобод ўрмон хўжаликларида амалга ошириляпти. Мазкур ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, сунъий йўлдош навигациясидан фойдаланган ҳолда ўрмон ҳудудларининг ахборот тизимлари ва электрон хариталарин яратиш, гендер тенгликка риоя қилиш масаласига алоҳида эътибор берган ҳолда, маҳаллий аҳолини ўрмонларни барқарор ривожлантириш жараёнига фаол жалб қилиш бўйича зарурий ишлар олиб бориляпти.
Янги келишувга кўра, Тошкент давлат аграр университети кўчатхоналар, ёнғоқ мевали экин плантациялари, ёғоч олишга мўлжалланмаган ўрмон маҳсулотлари ва қайта ишлаш инфратузилмасини яратиш, шунингдек, дала-тажриба майдонларида яйловларни тиклаш учун техник тавсифномаларни ишлаб чиқишда ёрдам беради. ФАО ҳамда университет орасидаги мазкур келишув доирасидаги ҳамкорлик ўрмонларни сақлаб қолиш ва улардан фойдаланишнинг маъмурий, ҳуқуқий, техник, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва гендер соҳаларини қамраб олган ҳолда, Ўзбекистондаги ўрмонларни барқарор бошқаришни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги