БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси дастурини имзолаш ва ишга тушириш маросими ҳақида
2021 йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг (УНОДC) Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган дастурини имзолаш ва ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, БМТ Бош котиби ўринбосари, УНОДC ижрочи директори Гада Фатҳи Вали, Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Акан Рахметуллин, Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Азизбек Мадмаров, Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Ҳусейнзода ва Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Ходжиев иштирок этди. Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўз нутқида БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтди. Наркотик моддалар савдоси, уюшган жиноятчилик, коррупсия ва терроризмга қарши курашда минтақа давлатларига ёрдам кўрсатиш бўйича УНОДC дастурининг олдинги босқичи самарали бўлганини қайд этилди ҳамда имзоланаётган Дастурнинг трансмиллий таҳдидларга қарши курашишдаги долзарблиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги