Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.
Ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари олий даражадаги Россияга кутилаётган ташрифга томонларнинг тайёрлиги юқори даражада эканини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда давлатлараро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида яқин алоқаларни давом эттириш ва ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди.
Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Учрашув якунида Вазирлар ахборот ва биологик хавфсизлик соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзоладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги