Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркия ўзаро савдони оширишни мақсад қилган
2021-11-13 | Иқтисодиёт
Истанбулда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Туркия Республикаси савдо вазири М.Муш икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга оид долзарб вазифаларни муҳокама қилдилар.
Учрашув чоғида Ўзбекистон-Туркия савдо айланмасини ошириш ва диверсификациялаш бўйича эришилган натижалар ҳамда келгусидаги тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 2,4 миллиард долларга етгани ва бу кўрсаткич ўтган йилдагисига нисбатан 70 фоизга ошгани қайд этилди.
Икки мамлакат бозорларига харидоргир ўзбек ва турк маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш бўйича ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Томонлар келгуси йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун етарли салоҳият ва ресурслар мавжудлигини ҳам қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битимни ишлаб чиқиш жараёни кўриб чиқилди. Жумладан, томонлар бир қатор муҳим масалалар бўйича келиша олдилар ва ҳужжатларнинг асосий жиҳатлари бўйича якдил фикрга келдилар. Ҳужжатларни устида олиб борилаётган ишлар бу йил охиригача якунланади.
Икки томонлама савдони ошириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уйғунлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ўзаро чоралар кўришга қарор қилинди. Жорий йил охиригача икки мамлакат божхона хизматлари Қўшма божхона кенгашининг 2-йиғилишини ўтказишига келишилди ҳамда унинг давомида бу соҳада аниқ натижаларга эришиш режалаштирилди.
Турк ишбилармон доираларини кенг турдаги ўзбек маҳсулотлари билан таништириш ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан бўлажак турк мижозлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида Туркиянинг йирик шаҳарларида “Made in Uzbekistan” тармоқлар кўргазмасини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди. Туркия томони бу ташаббусни илгари суришда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар муштарак мақсадларга эришиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб, юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиш механизмини яратишга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги