Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришди
2021-11-06 | Сиёсат
Тошкентда 2021 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросимда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев очди. У 24 октябрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови демократик тамойиллар асосида, фаол сиёсий рақобат муҳитида ўтганини таъкидлади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчиларнинг 80,12 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганини қайд этди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси иштирокчилар номидан Шавкат Мирзиёевни табриклади ва унга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини топширди.
Президент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ, қасамёд қилди:
“Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлади.
– Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқдик ва сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик, – деди давлат раҳбари. – Бу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.
Қайд этилганидек, ушбу тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат.
Биринчи йўналиш эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилган. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади. Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.
– Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак, – деди Президент.
Иккинчи йўналиш адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифаларини қамраб олган. Шу мақсадда судлов тизими ва адвокатура институти, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилади. Тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилади. Коррупцияга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситалари сафарбар этилади. Бунда айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, коррупциянинг сабабларини олдиндан бартараф этиш чоралари кўрилади.
Учинчи йўналишда миллий иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги режалар баён этилди. 2030 йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқиш мақсад қилингани айтилди.
Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришилади. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилади.
Аҳолини уй-жой ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро қатновларни яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилади.
Тўртинчидан, сифатли таълим-тарбия масаласи доимий эътибор марказида бўлиши таъкидланди. Шу мақсадда ўқитувчиларнинг ойлик маошини изчил ошириб бориш ва 2025 йилга бориб, 1 минг доллар миқдорига етказиш кўзда тутилган. Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.
Аҳоли саломатлигини сақлаш учун барча шароит яратилади. Келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маошини ҳам 1 минг доллар эквивалентига етказиш мўлжалланмоқда. Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослашган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилади. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш муҳим вазифа бўлиб қолади.
Бешинчи йўналишга асосан маънавий ва маърифий соҳалар ривожлантирилади. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади. Маданият ва санъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.
Олтинчидан, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бораётгани қайд этилди. Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида ривожлантириш, Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Еттинчи йўналишда мамлакатимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги вазифалар ўз ифодасини топган. Қуролли Кучларимизнинг қудрати янада оширилиши, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлиги кучайтирилиши айтилди.
Халқаро ҳамкорликда прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат, иқтисодий дипломатия давом эттирилади. Аввало, қўшни мамлакатлар ва дунёнинг барча минтақаларидаги шериклар билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқалар кенгайтирилади.
– Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни деб биламан. Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ. Сиз, қадрли ватандошларимнинг чин дилдан қўллаб-қувватлашингиз, нуроний отахон ва онахонларимизнинг дуолари, азиз ёшларимизнинг ишончи менга катта куч-ғайрат беради, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев сўзининг охирида.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси якунланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти