Ўзбекистондаги ислоҳотлар тараққиёти бўйича Европа Иттифоқининг делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида Яқин Шарқ/Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича раҳбари, Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош директорати Сара Риналди бошчилигидаги Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Молия вазирлиги делегациясига Молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров бошчилик қилди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш департаменти директори Тўлқин Мирзаев, Макроиқтисодий таҳлил департаменти директори Зуҳриддин Ибрагимов ва Давлат буджети департаменти директорининг биринчи ўринбосари Александра Хван иштирок этди.
Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан, Европа Иттифоқи делегациясининг ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо, яқин Шарқ/Форс кўрфази ва Марказий Осиё бўйича ҳамкорлик ва халқаро қўллаб-қувватлаш бўлими ходими, Европа Комиссиясининг Савдо бўйича бош директори Титиен Амати ва вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Мазкур учрашувда томонлар Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий кўрсаткичлар ва фискал ҳолати, давлат молиясини бошқариш, агросаноат комплекси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ислоҳотлар, Европа Иттифоқи буджетини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистон таркибий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошираётганини ва эришилган натижалар билан Европа Иттифоқини ҳайратда қолдиришда давом этаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида вазир ўринбосари Европа Иттифоқига давлат молиясини бошқариш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Молия вазирлиги ходимларининг ўзаро тажриба алмашиш бўйича таклифларини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги