Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони муборак!
2021-11-03 | Спорт
Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини ҳамда спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудлардаги мактабгача таълим тизимида оммавий спортнинг инсон ва жамият ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб қилишда сидқидилдан меҳнат қилаётган 2 нафар мактабгача таълим тизими соҳаси вакиллари «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотландилар.
Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги биносида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаоллик кўрсатган бир қатор вазирлик ва идоралар ходимлари «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланишди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Назорат-таҳлил бошқармаси бошлиғи Лола Бердиева ҳамда Болалар саломатлиги, соғлом овқатлантиришни таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Умида Мухиддиновалар «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланишди. Ушбу кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан ўз эгаларига топширилди.
Эслатиб ўтамиз, юртбошимиз томонидан 2020 йилнинг 30 октябрь куни «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланиб, унга асосан, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда — юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Work out» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турлари этиб белгиланган.
2021 йилнинг 1 январидан бошлаб юртимиздаги барча меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган бир нафар ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юкланиб, иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир маротаба «Спорт тарғиботчиси» томонидан раҳбар ва барча ходимлар югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш сингари спорт турлари билан шуғулланишларини ташкиллаштириш таъминланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги