Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги массивлар қуриш ва ҳудудларни обод қилиш бўйича вазифалар белгиланди
2021-11-03 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Бу икки масала ҳам Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган муҳим вазифалардан. Халқ билан учрашувларда давлатимиз раҳбари инсон қадрини улуғлаш, муносиб турмуш шароитлари яратиш асосий мақсад бўлишини айтган эди. Буларнинг бош омили эса, аввало, уйли бўлиш, обод ва файзли яшашдир.
Сўнгги йилларда юртимизда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилди. Бу ундан олдинги йилларга қараганда 10 мартадан ҳам кўп.
Шу билан бирга, бу ишларни давом эттириш зарур. Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилмоқда. Келгуси беш йилда аҳоли сони 38 миллионга етиши кутилмоқда.
Уйлар қурилиши кўлами шунга мувофиқ кенгайтириб борилади. Ҳар бир ҳудудда барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” массивлари бунда муҳим ўрин тутади. Келгуси беш йилда уларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланади.
Йиғилишда шу борадаги бунёдкорлик ишларининг ташкилий, молиявий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Президентимиз “Янги Ўзбекистон” массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилиши кераклигини таъкидлади.
Яъни, ҳар бир массивда саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади. У ерда одамлар ҳам уйли, ҳам ишли бўлади. Келгуси йили Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 40 та шундай замонавий мавзе барпо этиш мўлжалланган.
– Бағдод туманидаги янги массивни кўрдингиз. Лойиҳа тайёр, энди тажриба ҳам бор. Фақат шу лойиҳани ҳар бир ҳудудга мослаштириш керак. Очиқ танлов ўтказиш жуда муҳим. Очиқлик, ҳалоллик бўлса, сифат бўлади, халқ олдида юзингиз ёруғ бўлади, – деди Президент мутасаддиларга.
Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир ҳудудда ер майдонларини аниқлаб, уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
“Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш учун келгуси йилда 15 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ипотека кредити бериш учун банкларга йўналтирилади. Қурилиш инвесторлар ҳисобидан амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, бошланғич бадал ва фоизлар бўйича субсидия бериш муҳимлигини таъкидлади.
Келгуси йили янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан сотиб олинади. Бунинг учун, қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм олдиндан ўтказиб берилади.
Бугунги кунда уйларнинг бир квадрат метри нархи ўртача 4 миллион 500 минг сўмни ташкил этмоқда. Йиғилишда янги массивлардаги нархни шу миқдорда сақлаб қолиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда, янги массивларни ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилиши белгиланди.
Келгуси йилдан цемент ишлаб чиқарувчилардан фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 2 бараварга камайтирилмоқда. Шунингдек, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Булар ҳам уйлар нархи сезиларли тушишига сабаб бўлади.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
– Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, биринчи навбатда, мавжуд ва янгидан барпо этиладиган яшил майдонларга туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан масъул белгиланадиган бўлди. Улар дарахтларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашга ҳам жавоб беради.
Ободонлаштириш бўлимлари махсус техника билан таъминланади, зарур жойларда суғориш тармоқлари барпо этилади. Экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларига ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари масъул бўлади.
Давлатимиз раҳбари ушбу савобли ишда ҳар бир ташкилот, ҳар бир фуқаро ўз ўрнини топиши кераклигини таъкидлади.
Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар уй-жой мулкдорларига яшил майдонлар барпо этиш учун бириктирилади ва у ерда қурилиш қилишга рухсат берилмайди. Муассасалар ҳовлиси, маҳаллалар, йўл ва дала четларига дарахтлар экилади.
Йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига ҳокимлар билан бирга, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос кўчатларни кўпайтириш ва етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун, қўмита ҳузурида “Яшил ҳудуд” унитар корхонаси ва ҳар бир вилоятда унинг филиаллари ташкил этиладиган бўлди.
Соҳадаги ишларда Экология қўмитасининг ўрни таъкидланиб, унинг тузилмаси, ваколат ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда суғориш тизимини янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳокимларга ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
Кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш чоралари ҳам белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти