Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юртимизда от спорти турларини ривожлантириш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди
2021-10-27 | Спорт
Тадбирда бир вақтнинг ўзида 3 та спорт федерациясига раҳбарлик қилаётган Баҳром Газиев, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси от спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Нодирбек Ибрагимов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори Камил Баязитов, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори Рашид Маткаримов ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мазкур Меморандум мамлакатимизда от спортини янада ривожлантириш, юқори маҳоратли спортчилар ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 3-ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4877-сон, 2021-йил 11-мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5024-сон ҳамда 2021-йил 5-августдаги “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025-йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ–5211-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, бевосита миллий терма жамоалар билан ишлаш, ўқув-машғулотларни илмий асосда ташкил қилиш ва тренерлар малакасини ошириш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида от спорти ихтисослиги бўйича таълим олаётган талабаларни истиқболда юқори малакали кадр этиб тайёрлаш, иқтидорли талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланишлар олиб бораётган ёш олимларни долзарб муаммолар ечимига йўналтирилган мавзулар асосида илмий тадқиқотлар ўтказишда федерация билан ҳамкорлик қилиш мақсадида тузилди.
“Ушбу ҳамкорлик доирасида профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва талабаларнинг тажриба алмашишларини, илмий амалиётларини ва уларнинг федерациялар муаммоларини чуқур таҳлил қилишларини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш, битирувчи талабаларни битирув олди амалиёт, ишга йўллаш масалаларининг ўзаро манфаатли шаклларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда”, - деди Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти директори, профессор Р.Маткаримов.
Тадбирда таъкидланганидек, ўзаро манфаатли ҳамкорликда от спорти, поло ва замонавий бешкураш бўйича ўтказиладиган илмий ва амалий семинарлар, конференциялар, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, илмий лойиҳалар, шунингдек, нашрга тайёрланадиган ўқув адабиётлари, видео материаллар албатта келажакда ўз ижобий натижасини кўрсатади.
Маълумот учун: айни пайтда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида от спорти таълим йўналиши бўйича 117 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги