Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисида матбуот анжумани
Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири – рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари қабул қилинган ва уларда сайлов жараёнларига IT технологияларни кенг жорий этиш ва ушбу йўналишни рақамлаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 4 октябрьдаги ПҚ–3961-сон;
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 15 августдаги 630-сон қарорлари асосида сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ишлаб чиқилган ва аввалги сайловлар тажрибасидан келиб чиқиб, такомиллаштириш чоралари кўрилди.
2019 йилда республикамизда ўтказилган Парламент сайловларида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича олинган тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда ўтказиладиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчи навбатда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек шаҳар ва туманлар миқёсида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни аниқлаштириш учун мутасадди вазирлик ва идоралар (жумладан Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқалар) вакилларидан иборат штаблар тузилди.
Иккинчи навбатда, ҳудудларда ташкил этилган штаблар томонидан 7,2 миллиондан ортиқ хонадон ва 23,8 миллион нафар фуқаронинг маълумотлари ўрганиб чиқилди.
Учинчи навбатда, кўчмас мулк объектлари тўғрисида давлат органлари томонидан тегишли ахборотлар рақамлаштирилиб, уларни реал вақт режимида янгилаш ишлари амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Тўртинчи навбатда, сайлов участкаларининг жойлашуви ва уларнинг чегараларидан келиб чиқиб, интерактив харитани шакллантириш учун сайлов участкаларининг чегаралари белгилаб чиқилди.
Участка сайлов комиссиялари аъзоларини рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига ўргатиш жараёнини ташкил қилиш мақсадида тегишли Консепсия тасдиқланиб, 30 нафар республика тренерлари тайёрланди.
Улар томонидан ҳудудий миқёсида 797 нафар тренер шакллантирилиб, уларнинг ҳар бири 14-15 та сайлов участкаларига бириктирилиб, 3-босқичда жорий йилнинг август ва сентябр ойларида жами 32 856 нафар сайлов комиссиялари аъзолари (оператор) ўқитилди.
Бундан ташқари, ўз-ўзини тайёрлаш учун тегишли ўқув материаллари – фойдаланувчи йўриқномалари, видеоролик, инфографика ва бошқалар тайёрланди.
Фойдаланувчиларга кўмак бериш, саволларга тезкор жавоб қайтариш ва юзага келган камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш бўйича 10 нафар малакали мутахассисдан иборат, кун-тун ишлайдиган қўнғироқларни қайта ишлаш маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Республикада мавжуд 10 761 та сайлов участкаларининг барчаси телефон алоқаси билан тўлиқ таъминланган.
Шундан 96,7 фоизи ёки 10 416 таси оптик толали юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган. Қолган 3,3 фоизи ёки 345 таси мобил ва радио алоқа тармоғи ҳамда сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги Интернет билан таъминланди.
Сайлов жараёнларининг шаффоф ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга асосан 207 та сайлов участкаларига 414 та видеокузатув камералари ўрнатилди.
Мазкур видеокузатув камерларини Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида катта ҳажмдаги экранда, сайлов порталида ва Миллий телерадиокомпаниянинг “Ўзбекистон 24” телеканалида сайлов куни онлайн намойиш қилиш юзасидан техник ишлар амалга оширилди.
Шунингдек, Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Coll-марказ ташкил этган ҳолда Марказий сайлов комиссияси учун “12 00” ва сайлов жараёнини техник қўллаб-қувватлаш учун “12 09” махсус қисқа рақамлари бириктирилди.
Сайлов жараёнларида ахборот ресурсларидан фойдаланишда қатор имкониятлар яратилди. Жумладан:
Президент сайлови портали ҳамда Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтининг янги талқини ишлаб чиқилди ва ишга туширилди;
Президент сайлови порталида Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда Округ ва сайлов участкалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берувчи ҳамда қўшимча хизматларни кўзда тутадиган интерактив харита (geoportal) ишга туширилди;
участка сайлов комиссия аарини масофавий ўқитиш ва тест тизими (telegram bot), сайловга оид савол-жавоб, сайлов та’миноти ва сайлов участкасини аниқлаш бўйича махсус телеграм-бот ишга туширилди;
Сайлов қонунчилиги бўйича ўқув материаллари (контентлар)дан фойдаланиш бўйича мобил илова Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан ишлаб чиқилди.
Сайлов жараёнларини рақамлаштириш доирасида ишлаб чиқилган ахборот ресурслари, тизимлари, веб-сайтлар Ахборот технологиялари вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари мутахассислари томонидан яратилган ва техник қўллаб-қувватлаб борилади.
Бошқача қилиб айтганда, IT кадрларни тайёрлаш, IT компаниялар учун яратилган кенг имкониятлар ва шароитлар натижасида буларнинг барчаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган.
Шунингдек, Сайлов жараёнлари доирасида сайловолди ташвиқот материаллари ва сайлов бюллетенларини сайлов участкаларига етказиб бериш Марказий сайлов комиссияси талабномасига асосан Вазирлигимиз тизимидаги Давлат фелд’егерлик хизмати томонидан амалга оширилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги