Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси раҳбари сифатида мамлакатимизга ташриф буюрган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ҳамдўстликдан делегация юборилиши МДҲдаги ҳамкорларимизнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга катта қизиқишининг тасдиғи эканлиги қайд этилди.
МДҲ кузатувчиларига мамлакатимизда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини ошириш, сиёсий жараёнларда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Яқинда бўлиб ўтган Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг Саммити ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши натижалари, эришилган келишувларнинг бажарилиши ва МДҲ доирасидаги ўзаро муносабатларнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги