Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“English for Science” тингловчилари учун Erasmus+ грант лойиҳалари бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди
2021-10-15 | Жамият
“Erasmus+ хафталиги” доирасида Ўзбекистондаги Erasmus+ Миллий офиси томонидан грант лойиҳаларга ҳужжатлар топшириш бўйича семинар-тренинг ўтказилиди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг апрель ойидан “English for Science” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида фаолият юритиб келаётган таълим муассасаларидаги 200 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар, докторант ҳамда тадқиқотчилар илмий мақолаларни халқаро талаблар асосида шакллантириш, уларни халқаро тан олинган нуфузли маълумотлар базалари рўйхатидаги журналларда эълон қилиш, шунингдек, халқаро лойиҳалар ёзиш, хорижий илғор давлатларнинг ўқув грантларига мустақил ариза беришлари учун кўникмалар ҳосил қилиши кўзда тутилган.
Тадбирда вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази директори Абдулазиз Абдувалиев, Ўзбекистондаги Erasmus+ Миллий офиси масъул ходими Қудрат Кутлимуратов сўзга чиқди. Қ. Кутлимуратов грант лойиҳалари мезонлари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этар экан, Erasmus+ доирасида эълон қилинган 4 та грант лойиҳасии (1- Erasmus Mundus Joint Masters; 2- Jean Monnet activities; 3- International credit mobility; 4- Capacity Building for Higher education) бўйича тушунтиришлар берди ва мустақил ариза топширишга доир амалий кўникмалар билан улашди.
– Олий таълим ва илм-фаннинг кучли рақобатбардош тизимини яратиш Ўзбекистон учун муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади, – деди Илмий-техник ахборот маркази директори А.Абдувалиев. –Давлатимиз томонидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани илғор инновацион ишланмалар ва юқори технологияларни қўллаб-қувватлаш, илмий-амалий тадқиқотларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги бу жараёнда илмий тадқиқотлар, юқори технологиялар ва инновацион ишланмалар сифатини ошириш, уларнинг натижаларини иқтисодиётга изчил жорий этишда иштирок этмоқда.
Erasmus+ бу Европада таълим, ўқитиш, ёшлар ва спортни қўллаб -қувватлаш дастуридир. Унинг тахминий бюджети 26,2 миллиард еврони ташкил этади.
2021-2027 йилларга мўлжалланган дастурда ижтимоий интеграция, экология ва рақамли ўтиш, шунингдек, ёшларнинг демократик ҳаётга иштироки каби йўналишларга катта эътибор қаратилмоқда.
Семинар-тренинг якунига кўра, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги