Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россиялик олимлар билан фундаментал тадқиқотлар кўлами кенгайтирилади
2021-10-14 | Сиёсат
Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси жорий йилнинг 13 октябрь куни Москва шаҳридаги Россия фундаментал тадқиқотлар жамғармаси кенгаши раиси, «Курчатов институти» Миллий тадқиқотлар маркази вице-президенти, академик Владислав Панченко ва жамғарма раҳбарияти билан учрашди.
Учрашувда «Ўзбекистон-Россия» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танлови доирасида ҳамкорликда фундаментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий этилган янги механизм – Scopus халқаро маълумотлар базасидаги Хирш индекси 5 ва ундан юқори бўлган россиялик олимларнинг ҳамраҳбарлигида қўшма фундаментал тадқиқотлар кўламини кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бу ўз навбатида республикамизда нуфузли янги илмий мактаблар ва янги илмий йўналишларнинг ривожланишига хизмат қилади.
«Курчатов институти» Миллий тадқиқотлар маркази вице-президенти академик Владислав Панченко билан генетика, геномика, микробиология ҳамда ядро тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш, ушбу соҳаларга оид илғор тажриба ва янги технологияларни республикамизда виночиликни ривожлантириш, лазер технологиялари ва ядровий тиббиётни ривожлантиришга жорий этишнинг амалий механизмлари муҳокама этилди ва ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
Шунингдек, Россия фундаментал тадқиқотлар жамғармаси базасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Илмий техника ахбороти маркази масъул ходимларининг илмий лойиҳалар экспертизасини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни ўзлаштириш бўйича стажировкасини ташкил этилиши белгиланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги