Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Нурафшон шаҳрида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилди
Ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, уларни компютер технологиялари ҳамда дастурлаш соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш ва ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ва Нурафшон шаҳрида Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур марказларнинг очилиш маросимида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ўзбектелеком” АК Тошкент филиали, “Ўзбекистон почтаси” АЖ Тошкент филиали, Зангиота тумани ва Нурафшон шаҳар ҳокимликлари, IТ-Парк вилоят филиали, кенг жамоат вакиллари ҳамда маҳаллий ёшлар иштирок этишди.
Марказда аҳоли, тумани ёшлари ҳамда давлат бошқарув органлари ходимлари ахборот технологиялари йўналишида билим ва кўникмаларини оширишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Келгусида туман ёшлари ушбу ўқув марказларида компютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника, интернетдан фойдаланиш ҳамда бошқа бир қатор йўналишларда ўз билимларини оширадилар. Шунингдек уларни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида инноватсион ишланмаларни яратиш, лойиҳаларни ишлаб чиқишга жалб қилиш ҳам мўлжалланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги