Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси республикадаги почта алоқаси хизматлари бозорининг ривожланиш даражаси ва жаҳон почта алоқаси хизматлари бозори ривожланишининг замонавий тенденцияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
“Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу соҳадаги муносабатларнинг барча жабҳаларини белгилаб берувчи базавий қонун ҳисобланади. Лекин бугунги кунга келиб, у почта алоқаси соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш замонавий тенденсияларга жавоб бера олмайди.
Хусусан, қонунчилик амалиётига мувофиқ почта алоқаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмаган. Почта алоқаси соҳасини давлат томонидан литсензиялаш орқали тартибга солиниши белгилаб қўйилган бўлсада, бугунги кунгача мазкур фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этилмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса амалдаги “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонунни почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномалар меъёрларига мувофиқлаштириш, почта алоқаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва почта алоқаси турларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши почта алоқасини ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сифатли умумфойдаланишдаги почта алоқаси ва курерлик алоқаси хизматларини кўрсатиш учун шароитлар яратиш имконини беради.
Халқ вакиллари соҳанинг қонунчилик базасини тартибга солишнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги