Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Сайлов ва гендер: сиёсат соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва миллий амалиёт" туркумидаги семинарларга старт берилди
2021-10-12 | Сайлов
Мазкур лойиҳа доирасидаги 2021 йилда амалга ошириладиган тадбирлар президент сайлови кампанияси даврида ҳамкорлик қилишга қаратилган бўлиб, сайлов жараёнининг шаффофлиги ва инклюзивлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларга қаратилмоқда.
Ўқув семинарлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари хотин-қизларнинг сайлов жараёнидаги иштироки борасидаги касбий билим даражасини оширишга қаратилган бўлиб, аёлларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида иштирок этиш имкониятларини янада оширади.
Ўқув семинарлари туркумини бошлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси К.Оболенский, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маруфова иштирок этди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бугунги кунга келиб соҳага оид 25 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби янги тузилмаларни ташкил этилиши Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглиги таъминлашнинг ягона яхлит механизмига айланди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллат Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Бугунги кунда сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизлар улуши 44 фоизга, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда бўлиб ўтган Сенатнинг 15 ялпи мажлисида “Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси” қабул қилинганлиги таъкидланди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш устувор йўналишлардан бири. Стратегияда кўзда тутилган бу борадаги тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида ҳотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та Индикаторлар ишлаб чиқилди.
Ўқув семинарларига БМТТДнинг халқаро экспертлари жалб қилинган.
Тадбирда МСК раиси З.Низамходжаев “Ўзбекистон Республикасининг сайлов қонунчилиги: асосий янгилик, эътибор қаратитлиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар” мавзуида чиқиш қилди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси