Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш вазирлар учрашуви доирасида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот чоғида Ҳиндистон томони давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасини юқори баҳолаб, изчил ва юқори суръатда ривожланаётганини қайд этди. Турли соҳаларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги мулоқотини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистондаги ҳозирги вазият, жумладан, мамлакатга инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш борасида атрофлича фикр алмашилди. Ҳиндистон томони Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни ўрнатиш бўйича Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги