Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўллади
2021-10-04 | Маданият
Жорий йилнинг 28 сентябрь 3 октябрь кунлари "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтди.
Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросимида фестиваль иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Мурожаатни машҳур рус кинорежиссёри ва продюсер Тимур Бекмамбетов ўқиб эшиттирди.
Унда иштирокчилар мамлакатимиз раҳбарига ушбу афсонавий кинофестивалнинг қайта тиклангани муносабати билан миннатдорлик билдирди. "Қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг, Сизнинг ташаббусингиз билан қайта тикланган "Ипак йўли дурдонаси" XIII Тошкент халқаро кинофестивали элликка яқин мамлакат кино ижодкорларини жамлади. Ҳафта давомида Ўзбекистон экранларида жаҳон кинематографиясининг сўнгги йилларда суратга олинган энг сара асарлари намойиш этилди, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди, ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди. Фестиваль туфайли дунёни қамраб олган пандемия сабабли бир-бирини узоқ вақтдан бери кўрмаган инсонлар яна учрашишди, узоқ кутилган дўстона учрашувлар ва янги танишувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, ушбу кинофестиваль Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари Тошкент халқаро кинофестивалининг барча анъаналарини ўзида мужассам этганини ва халқаро талаблар ва стандартлар асосида юқори савияда ўтказилганини мамнуният билан қайд этмоқчимиз", дейилади мурожаатда.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар ва ислоҳотларни қайд этди: "Ўзбекистон вилоятларига саёҳат давомида шаҳарлар қиёфаси ва мамлакатингиз қандай даражада ўзгарганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Биз ўзбек халқининг меҳмондўстлигига, самимийлигига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Айниқса, ёшлар ва уларни қўллаб-қувватлаш учун Сиз яратган шароитлар бизда катта таассурот қолдирди.
Биз, соҳа вакиллари кино саноати ва кинематографияни қўллаб-қувватлаётганингиз, жумладан, яқинда 100 йиллигини қарши оладиган «Ўзбекфильм» студиясининг қайта тикланиши, техник жиҳозланиши, Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентда филиали очилиши, Кино фондининг қайта тикланиши ва ўзбек фильмларининг эталон нусхаларини қайтарилганлиги учун самимий миннатдорлик билдирамиз.
Айниқса, Ўзбекистонда бошқа давлатлар билан ҳамкорликда кино ишлаб чиқаришнининг яхши анъаналари қайта тикланганини, жумладан, бўлиб ўтган кинофорумнинг ўзида 10 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар имзоланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, эришилган келишувлар кинематография соҳасидаги халқаро ҳамкорликка янги туртки беради". https://www.youtube.com/watch?v=PsGAkrWl9B0 Хулоса қилиб айтганда, кинофестиваль иштирокчилари Ўзбекистон кино саноати дунёдаги энг ривожланган тармоқлардан бирига айланиши учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Манба: ЎзА