AGMK волейболчилари клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиш учун Таиландга жўнаб кетди
Шу йилнинг 8-15 октябрь кунлари Таиланднинг Нахон Ратчасима шаҳрида волейбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Унда Ўзбекистон чемпиони сифатида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатининг AGMK жамоаси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Вакилларимиз клублар ўртасидаги қитъа чемпионатига Туркия орқали 13 нафар спортчи, уч нафар мураббийлар штаби вакиллари ҳамда делегация раҳбари бошчилигида жўнаб кетишди.
Мусобақада жами 10 та клуб икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб боришади. AGMK жамоаси “Б” гуруҳида Эроннинг “Сиржан Фулад”, Қатар чемпиони “Ал-Араби”, Таиланднинг “Даймонд” ҳамда Филиппин вакили “Ребиско Филиппинес” клублари билан ўзаро мусобақалашади.
“А” гуруҳидан эса “SEB Sports Klub” (Shri-Lanka), “Буревестник” (Қозоғистон), “Kazma Sport Klub” (Қувайт), “Соутҳ Гас Клуб” (Ироқ) ҳамда “Нахон Ратчасима” (Таиланд) жамоалари ўрин олган. Бўлажак ўйинларда вакилларимизга омад тилаймиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги