Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон учун 100 ғоя» танловининг яримфинал босқичи бўлиб ўтмоқда
2021-09-30 | Инновация
Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, IT-парк ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 ташаббус лойиҳаси офиси томонидан ташкиллаштирилган Республика бўйлаб «Ўзбекистон учун 100 ғоя» танловининг яримфинал босқичи бўлиб ўтди.
«Ўзбекистон учун 100 ғоя» республика танлови аста-секинлик билан финалга яқинлашиб бормоқда. У Ўзбекистонни ривожлантиришга оид ҳамда турли соҳалардаги муаммоларга ечим бўладиган ғоя ва таклифларга эга 14-30 ёшдаги йигит-қизлар учун ташкил этилган.
«Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 27 январидаги видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббус асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг мақсади иқтидорли ёшларни излаш ва уларнинг ташаббуслари ҳамда интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўлиб, унинг доирасида шаҳар ва қишлоқлардаги ташаббускор ёшларнинг иқтисодиёт, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш ва ахборот технологиялари сингари соҳаларга оид ғояларини ҳаётга татбиқ қилиш учун шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Рўйхатга олиш мобайнида йигит ва қизлар 25 мингга яқин ариза беришди ва бу орқали ёшларга оид йирик лойиҳанинг бир қисмига айланишди.
Ғоялар қуйидаги йўналишлар бўйича қабул қилинди:
Илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш; Маданият ва санъат; Медиа;Спорт ва туризм;Давлат хизматларини ривожлантириш; Қурилиш, архитектура ва транспорт;Тадбиркорлик ва бандлик; Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва агротехнологиялар; Ахборот технологиялари ва инновациялар; Экология, қайта тикланадиган энергия манбалари ва кимёвий технологиялар.
Бугунги кунда танловнинг ҳудудий босқичи (яримфинал) ўтказилмоқда, унда ҳар бир ҳудуд ёшлари ҳакамлар ҳайъатига 20тадан энг яхши ғоясини тақдим этади (жами 280та ғоя). Ҳакамлар сифатида турли соҳа экспертлари қатнашадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги