Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган семинар ўтказилди

2021-09-30 | Инновация

Инновацион ривожланиш вазирлигида «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштиришнинг устувор вазифалари» мавзусида семинар ўтказилди. Семинарда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова, Инновацион ривожланиш вазирининг Юқори мартабали халқаро маслаҳатчиси Карстен Хайнц иштирок этдилар.

Шунингдек, вазирлик бошқарма бошлиқлари Фарҳод Жумаев, Санжар Бердиев ва Абсалом Ишимов маърузалар билан чиқиш қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2021 йил 1 апрелдаги ПФ-6198-сон Фармонга кўра барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган йирик ташкилотларининг амалдаги раҳбар ўринбосарларидан бирига инновацияларни жорий этиш (Chief Innovation Officer) вазифаси юклатилган.

– Юртимиз илм-фани олдида турган энг катта масалалардан бири бу – илм-фан натижаларини иқтисодиётнинг турли тармоқларига, ижтимоий соҳа йўналишларига жорий этишдир, – деди вазир ўринбосари Ш. Турдиқулова. – Айнан инновациялар бўйича масъул раҳбарлар мана шу ишга бош-қош бўлишлари, соҳа, тармоқ олдида турган муаммоларни аниқлаб, уларни вазирлик орқали олимларга етказишлари зарур. Олимлар сизларнинг топшириғингизга кўра маълум муаммони ҳал этиш устида тадқиқотлар олиб боришлари керак. Ана шундагина инновацион цикл ҳосил бўлади. Муаммоларнинг илмий ечимини бериш орқали маҳсулот ва хизматларнинг сифатини ошириш, халқаро стандартларга мос товарлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бизу сизнинг олдимиздаги вазифадир.

Семинар вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари инновацияларни жорий этиш бўйича бириктирилган раҳбар ўринбосарларининг асосий вазифалари, функциялари, вазирлик томонидан олиб борилаётган амалий ишлар билан таништириш мақсадида ташкил этилди. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, тармоқ ташкилотлар томонидан инновацион фаолият соҳасида уч йилга мўлжалланган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда асосий эътибор бериш керак бўлаётган жиҳатлар муҳокама қилинди.

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ўринбосарларининг бирига инновациялар бўйича қўшимча вазифалар юклатилган бўлиб, улар, хусусан, иқтисодиётнинг реал сектори ва ишлаб чиқариш тармоқларининг илмий ишланма ва инновацияларга бўлган эҳтиёжларини аниқлашда иштирок этиш ҳамда тармоқ бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш асосида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга масъулдирлар. Шунингдек, инновацияларни жорий этиш раҳбар ўринбосарларидан янги ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда рационализаторлик фаолиятини ривожлантириш чораларини кўришлари талаб этилади.

– Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистондан катта ўзгаришлар бўлганини мен ўз танамда ҳис қилиб турибман – деди халқаро маслаҳатчи К. Хайнц. – Конвертация масаласи ҳал бўлди, давлат корхоналари хусусийлаштирилмоқда, одамларнинг ижтимоий муаммоларига алоҳида эътибор қаратиляпти, сўз эркинлиги берилди. Икки йил аввал келганимда, мени рўйхатга қўйиш масаласида катта бюрократик тўсиқларга дуч келгандим, бу сафар бу масала икки дақиқада ҳал қилинди. Буни Ўзбекистонда электрон ҳужжат алмашинувининг тўғри йўлга қўйилганидан деб билдим. Демак, ўзгаришлар бор, уларни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Эндиги вазифамиз ҳудудларнинг инновацион ривожланишини таъминлашдир. Ҳудудларни инновацион ривожланиши қандайдир фантастик ғояларни амалга оширилиши билан эмас, балки аҳолига иш жойларини ташкил этиш, уларнинг турмуш шароитини ошириш, билим олиши учун шароит яратишдан иборат. Малакали кадрларнинг ҳудудларда иш билан таъминланиши ва яшаши учун яхши шароит бўлиши бевосита инновацияларнинг кириб келишига хизмат қилади.

Бугунги кунга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 140 та ташкилотлардаги раҳбар ўринбосарларнинг бирига инновацияларни жорий этиш (Chief Innovation Officer) вазифаси юклатилди ва уларнинг базавий лавозим маошига ҳар ойда 30 фоиз миқдорида устама тўланиш тизими жорий этилди. Шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларида инновацион фаолият билан шуғулланишга масъул бўлинмалар 110 тага яқин ташкилотларда ташкил этилди ҳамда тегишли бўлинмаларни фаолияти мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари инновацияларни жорий этишга бириктирилган ўринбосарлар фаолияти йил якуни бўйича вазирлик томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади ҳамда энг фаол ўринбосарлар тақдирланади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться