Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбeкистон энeргeтикаси: бозор муносабатларига ўтиш ва энeргия ишлаб чиқаришни ошириш
2021-09-22 | Иқтисодиёт
2030 йилга бориб Ўзбекистон бугунгидан кўра 2 баробар кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариши зарур. Шу тарздагина иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларини қаноатлантириш, бошқача айтганда, мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш мумкин.
Мазкур мақсадга эришиш учун эса Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан кенг кўламли лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилиб, соҳани бозор муносабатларига ўтказиш учун ислоҳ этиш жараёнлари мувофиқлаштириляпти.
Энергетика соҳасини ислоҳ этиш
Бугунги кунда энергетика соҳаси исталган мамлакат тараққиётининг таг заминидир. Иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг қулай ҳаёт кечириши, таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминот, коммунал хўжаликнинг мўътадил фаолияти учун имкониятлар айнан шу соҳада яратилади. Аммо бугун соҳани бозор иқтисодиёти йўлига ўтказмай туриб, улкан энергетика инфратузилмасини ишчан ҳолатда сақлаб туриш, боз устига, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш мушкул. Фақатгина электр станциялар, электр тармоқлари ва энергетика инфратузилмасининг ўзга муқобилларини қуриш ва ишлатиш борасида энг замонавий ютуқларни қўллабгина қўйилган мақсадларга эришиш мумкин. Бозор қонунлари асосида энергетикани ривожлантириш рақобат учун шарт-шароит яратади, бу эса нафақат воситалар, балки замонавий тажриба ва технологиялар соҳиби бўлмиш энг малакали муҳандисларни лойиҳаларни амалга оширишга жалб этишга имкон беради. Шу аснода яна ўн йилларча долзарб аҳамият касб этувчи ускуна ва услубиятларни Ўзбекистон энергетикасига олиб кириш мумкин.
Энергетика вазирлиги 2 йилдан ошиқроқ вақт муқаддам ташкил этилган эди. Ўша вақтда ОАВда ҳам, турли учрашувлару мажлисларда ҳам шу тўғрида сўз борар эди. Янгиланишларнинг бош сабаби – илгариги тузилмаларнинг мослашмаганлиги ва бесамарлигидир. Улардан баъзи бирлари ёнилғи-энергетика мажмуасини ривожлантиришга мувофиқлашган ёндашув; инновацион бошқарув тамойилларини жорий этиш; мамлакатимизда соғлом рақобат муҳитини ва қулай инвестиция иқлимини яратиш сингари замонавий вазифаларга жавоб бермасди. Ҳозир Энергетика вазирлиги Ўзбекистоннинг бутун ёнилғи-энергетика мажмуаси ривожланишини мувофиқлаштирмоқда. Вазирлик ўз таркибидаги ташкилотлар билан биргаликда электр ва иссиқлик энергиясини, кўмир ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, нефть, газни қазиб олиш, қайта ишлаш ва улардан олинган маҳсулотларни ташиш, тақсимлаш, сотиш ва ишлатиш жараёнларини давлат томонидан бошқаришни амалга оширмоқда.
Ёнилғи-энергетика мажмуасидаги ушбу ўзгаришлар бутун асосий тузилмани тубдан ислоҳ этишни талаб қилди. Хусусан, энергетика соҳасида 2019 йил бошида «Ўзбекенерго» АЖ тубдан қайта ташкил қилиниб, унинг негизида учта: «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари яратилди. Бундай қайта ташкил қилишдан мақсад – электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишнинг замонавий усулларига ўтишдир.
Шу тариқа нефть-газ соҳасини ислоҳ этиш жараёни бошланиб, бунинг натижасида бир шаклдан бошқа шаклга ўтказиш босқичи якунланди – «Ўзбекнефтгаз» АЖ янги ташкилий тузилмаси яратилди, жамият бошқарув тизимида ортиқча оралиқ бўғинлар қисқартирилди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ таркибидан «Ўзтрансгаз» АЖ чиқарилиб, у газ қазиб олувчи ташкилотлардан келгусида ташиш, шу жумладан, экспорт ва импортни амалга ошириш ҳамда магистраль газ қувурларига уланган истеъмолчиларга сотиш учун табиий газни харид қилиш бўйича ягона оператор этиб тайинланди.
«Ўзтрансгаз» АЖ газ таъминоти ҳудудий бўлимлари негизида газ тақсимлаш тармоқларини ишлатиш, аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан шуғулланувчи «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ташкил этилди.
Бундан ташқари илгари республика Вазирлар Маҳкамаси тизимидан ўрин олган баъзи давлат бошқаруви органлари Энергетика вазирлиги таркибига ўтказилди: «Ўзатом» атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги; Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (муқаддам – Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси) ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси (муқаддам – Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси) шулар жумласидандир.
Энергетика вазирлиги ташкил қилинган кундан буён ўтган даврда қатор туб ўзгаришлар кузатилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) асосида энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга устувор аҳамият берилди. 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилингани, шунингдек, Энергетика вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг 2019–2023 йилларга мўлжалланган концепцияси» ишлаб чиқилгани бунинг тасдиғидир.
2020 йил апрель ойи охирида ҳукуматимиз томонидан «2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси» тасдиқланди. Ушбу ҳужжат Энергетика вазирлиги ва алоқадор вазирликлар, идоралар ҳамда халқаро маслаҳатчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Бунинг замиридаги бош мақсад мамлакатни энергия билан таъминлаш, яъни шундай шароитларни яратишдан иборатки, бунда аҳоли ҳам, бутун иқтисодиёт ҳам электр ва ёнилғи билан узлуксиз таъминланади. Бу эса энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизациялаш, истеъмол ҳисоби ва назоратини такомиллаштириш деганидир. Бу мураккаб, лекин амалга оширса бўладиган вазифалар сирасига киради.
Давлат-хусусий шериклик
Энергетика соҳасида бозор муносабатларига ўтиш йўлида муваффақиятли одимлардан бири – Ўзбекистон учун тамомила янги модель – давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида энергия, шу жумладан, ҚТЭМ ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишдир. Бугун ушбу модель жамики қурилаётган ва режалаштирилган электр станциялар учун асосга айланди. Шундай қилиб, янги электр станцияларни, шу жумладан, иссиқлик (ИEС), қуёш фотоэлектр (ҚФEС), шамол (ШEС) электр станцияларини ишга тушириш кўп жиҳатдан мамлакат энергетика соҳасида рўй бераётган бозор ўзгаришларига мисол бўла олади.
ДХШ асосидаги лойиҳалар тендер, яъни рақобатдош бозор асосида ўтказилади. Бу жиҳатдан Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки энг яхши халқаро тажрибани ўзлаштириш ва тендерлар ўтказиш учун техник ёрдам кўрсатмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, тендер ғолиби янги электр станцияни лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш учун масъулдир. У билан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш юзасидан 20-25 йилга мўлжалланган узоқ муддатли битим тузилади. Электр энергия учун фойдали нарх таклифи (тариф) тендерда ғолиб бўлиш учун асосий мезон қилиб олинади. Аммо ўз таклифини беришдан олдин тендер қатнашчилари малакали саралаш босқичидан ўтишлари лозим. Бунда улар юксак тажрибасини, маблағлари мавжудлигини, бундай лойиҳаларни амалга ошириш ва таъминлашга қодирлигини исботлаши лозим. Шундай қилиб, Ўзбекистон энергетикасида сўнгги 3 йил давомида жадал жорий қилинаётган бозор тамойиллари бу соҳада соғлом рақобат яратишга имкон беради, электр энергия мустақил ишлаб чиқарувчиларининг манфаатдорлиги эса бунинг исботидир.
Жорий вазият
Бугунга келиб электр энергия хариди бўйича жами 17 битим имзоланган, бу эса энергетика соҳаси учун рақобат муҳитини яратиш борасида муҳим босқичдир. Энергияни мустақил ишлаб чиқарувчилар қаторида Total Eren SA (Франция), Abu Dhabi Future Energy Company – Masdar (БАА), Aksa Enerji Üretim A.Ş.(Туркия), ACWA Power (Саудия Арабистони) каби компаниялар мавжуд.
Ўзбекистонда қулай инвестиция иқлими яратилгани шарофати ила ҳукумат кафолати остида кредитлар жалб этишга зарурат қолмади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузурида Лойиҳа офиси ташкил қилинган бўлиб, у халқаро молия ташкилотлари билан ҳам иш юритади. Турли мамлакатларнинг энергетика соҳаларини ислоҳ қилиш асносида катта тажриба тўплаган халқаро экспертлар жалб этилган.
Экспертлар томонидан электр энергиясининг улгуржи рақобатдош бозорига изчил ўтиш назарда тутилган концепция ишлаб чиқилган. Бунда уч босқич 2021–2025 йиллар даврида босиб ўтилади. Биринчи босқичда электр энергия корхоналарини эркинлаштириш ва ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотишни ихтиёр этган хусусий (мустақил) ишлаб чиқарувчилар томонидан лицензиялар олиш кўзда тутилган. Иккинчи босқич давомида электр энергиясини тақсимлаш тизимининг ягона оператори яратилади, электр энергияни истеъмолчиларга сотишга оид вазифалар эса аста-секин етказиб берувчиларга ўтказилади. Истеъмолчилар электр энергияни савдо онлайн-платформаси ёхуд исталган етказиб берувчи орқали харид қилиш имкониятини қўлга киритади. Учинчи босқич – «Кун ичи (соатбай) савдолар». Унга биноан, режали асосда савдо майдончасида соатбай ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинган электр энергиянинг ортиқча ёки танқис ҳажмларининг онлайн олди-сотдиси амалга оширилади.
Соҳа меъёрий-ҳуқуқий негизини такомиллаштиришга доир ишлар давом эттирилади. Хусусан, қуйидаги лойиҳалар: Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонуни (бу борада Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилди), Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Магистраль электр тармоқлари кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори экспертизаси бўйича ишлар фаол кечмоқда.
Энергия самарадорлиги
Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш масаласи бугун ҳукуматнинг диққат марказида. Экспертлар берган маълумотларга кўра миллий иқтисодиёт энергия сиғимдорлиги ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан 2-2,5 баравар юқори.
Агар жаҳонда энергия истеъмолининг қарийб 23 фоизи уй-жой соҳасига тўғри келса, Ўзбекистонда бу рақам 40 фоизни ташкил қилмоқда. Хусусан, Европада 1 квадрат метр учун энергия сарфи йилига 120-150 киловатт-соатни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 390 киловатт-соатдан ошмоқда.
Энергия самарадорлигини оширишга доир ишларни олиб бориш жараёнида 2020 йилда иқтисодиёт тармоқларида ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириш эвазига 1352,4 млн. куб метр табиий газ, 917,5 миллион киловатт-соат электр энергияси тежашга эришилди.
Энергия ишлаб чиқариш
Энергетика соҳасида қандай ислоҳотлар рўй бермасин, натижа, яъни Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодиётини энергия захиралари билан барқарор таъминлаш муҳим. Салкам 10 йилдан кейин электр энергияга эҳтиёжнинг икки карра ўсиши ҳақида дарак берувчи таҳлилий башоратларни инобатга олсак, Энергетика вазирлиги ва ёқилғи-энергетика мажмуасининг асосий вазифаларидан бири – янги электр станциялар, шу жумладан, ИEС қуриш, ҚТЭМ ни ривожлантириш, ҚТЭМ асосида бошқа янги лойиҳаларни излаш ва амалга ошириш, ГEС, шу ҳисобда кичик ГEС имкониятларини янада кенгайтиришдан иборат.
Энергия ишлаб чиқаришни ошириш борасида бугун қандай натижаларга эришдик?
2021 йил охирига бориб, энергия ишлаб чиқариш қувватларини 14 мингдан 15,8 минг МВт га ошириш ёхуд қўшимча 1,8 минг мегаватт қувватларни ишга тушириш режалаштирилган. Натижада 2016 йилга нисбатан ишлаб чиқариш қувватлари 50 фоиз ортади. ДХШ асосида Тошкент вилоятида учта (умумий қуввати 710 МВт), Бухоро ва Хоразм вилоятларида иккита (умумий қуввати 444 МВт) ИEСлар ҳамда Навоий ва Самарқанд вилоятларида иккита (умумий қуввати 200 МВт) ФEСлар ишга туширилади.
Янги замонавий ИEСларни ишга тушириш орқали йилига қарийб 1,5 миллиард куб метр табиий газ тежалиб, аҳоли эҳтиёжлари учун электр энергияни қўшимча ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
2025 йилга бориб энергия тизими қувватини 25,6 ГВт га етказиш кутилмоқда, улар орасида: иссиқлик электр станциялари 18,8 ГВт, гидроэлектр станциялар – 2,5 ГВт ни таъминлаб, қуёш ва шамол электр станциялари қуввати эса 4,3 ГВт га етади. Жисмонан эскирган қурилмалар бора-бора фойдаланишдан чиқарилади.
2030 йилга бориб умумий ишлаб чиқариш қуввати 29 200 МВт ни ташкил этади, бу эса бугунги кўрсаткичларга қараганда 2 баробар кўпроқдир. Натижада 2030 йилда электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 120,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этади (2020 йилда ушбу кўрсаткич 66,4 миллиард киловатт-соат эди).
Модернизация
Бугун қанчалик кўп электр станциялар қурилмасин, амалдаги ИEС ва ГEСларни тўлиқ модернизациялаш – энергия самарадорлиги соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар асосида ускуна ва технологияларни жорий қилиш муҳим вазифа бўлиб қолаверади. Бутун мамлакат бўйлаб амалдаги ИEСларда етакчи хорижий компаниялар ишлаб чиқарган буғ-газ қурилмалари ўрнатилаётгани бунга яққол мисол. Ҳар бир шундай модернизация замирида юзлаб миллий ва хорижий мутахассислар меҳнати мужассам. Уларнинг касбий маҳоратисиз аниқ ҳисоб-китоблар келтирилган ва жамики мавжуд шарт-шароитлар назарда тутилган лойиҳаларни, хусусан, маълум бир ИEСни ишлатиш вақтию қувватидан тортиб ҳам стандарт, ҳам ўзига хос жиҳатларгача инобатга олинган лойиҳаларни амалга ошириш амримаҳол. Электр станциядек мураккаб техник иншоот билан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Бугунга келиб амалдаги ИEСларни ҳамда электр узатиш миллий тизимини модернизациялаш бўйича қандай ишлар бажарилган?
Бу хусусда рақамлар асл вазиятдан яққол дарак беради. Агар 2000 йилда Ўзбекистон энергетика тизимининг ишлаб чиқариш қуввати 7 750 МВт ни, 2016 йилда эса – 10 830 МВт ни ташкил этган бўлса, ушбу вақт кўрсаткичлари оралиғида ўтган 16 йил ичида қарийб 3 минг МВт ишга туширилди. Бугунга келиб энергетика тизимида мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари 14 131 МВт ни ташкил қилмоқда. Яъни кейинги 3 минг мегаваттдан зиёд қувватлар сўнгги уч йил мобайнида ишга туширилган.
2017–2021 йилларда ишлаб чиқариш қувватларининг бундай кескин ўсишига асосан Навоий, Толимаржон, Тошкент иссиқлик электр станцияларида янги буғ-газ қурилмаларини (БГҚ) ишга тушириш эвазига эришилди. Шунинг баробарида 2019 йилда 900 МВт қувватли янги Тўрақўрғон ИEС ишга туширилди. Замонавий тежамкор ускуна ва технологияларни жорий этиш ҳисобига ИEСларда шартли ёнилғи сарфи 2016 йилдаги 375,8 г/киловатт-соатдан 2020 йилда 333,9 г/киловатт-соатгача ёки 11 фоиз камайди (– 41,9 г/киловатт-соат).
Бундан ташқари Сирдарё ИEС модернизация қилинмоқда, бу эса унинг қувватини 150 МВтга оширишни таъминлайди. Фарҳод ГEС ҳам модернизация жараёнида, бу ишлар натижасида унинг қувватига яна 13 МВт қўшилади.
Мазкур йўналишдаги ишлар натижаси ўлароқ, 2025 йилга бориб мамлакат энергетика тизимининг қувватини 25 600 МВт га, 2030 йилда эса 29 200 МВт га етказиш вазифаси амалга оширилмоқда.
Энергия ишлаб чиқаришни ошириш билан бир қаторда электр энергетиканинг етказиб бериш инфратузилмасини модернизациялаш ва янгилаш зарур. Ушбу икки йўналишни бирлаштирибгина, мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифани уддалаш мумкин. Сўнгги йилларда электр узатиш тармоқларини мустаҳкамлаш борасида ҳам талайгина ишлар олиб борилмоқда.
Паст кучланишли электр узатиш тармоқлари сўнгги 4 йилда модернизация қилиниб, 25 минг километр узунликда ўтказилиб янгидан тортилди. Таъкидлаш керакки, 1991–2016 йилларда 9 300 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари модернизацияланган ва қуриб битказилган эди, бу эса қарийб 2,7 баробар кам. Сўнгги йилларда 9 575 та трансформатор пункти модернизация қилинди ва янгиланди, бу эса жами трансформатор пунктларининг 60 фоизини ташкил қилади. Шу йилнинг ўзидаёқ ўтган йилга нисбатан 13 фоиз ёхуд 26 300 км кўпроқ паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 16 фоиз кўпроқ ёхуд 9 000 дан зиёд трансформатор подстанциялари таъмирланади.
2021–2030 йилларда 0,4–110 кВ кучланишли тармоқларни реконструкция ва модернизация қилиш бўйича белгиланган ишлар жадал давом эттирилмоқда. Унга кўра 130 минг км электр узатиш тармоқлари ва 40 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари босқичма-босқич модернизация қилинади ҳамда янгиланади.
Қайта тикланувчи энергия манбалари
Ўзбекистон – серқуёш ўлка, бу эса қуёш фотоэлектр станциялари каби ҚТЭМ асосида энергия ишлаб чиқариш бўйича муҳим йўналишни ривожлантиришда муҳим омилдир.
Энергетика вазирлиги Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электр таъминотининг ўн йиллик режасини ишлаб чиққан. 2030 йилга бориб бу режанинг бажарилиши қўшимча энергетика қувватлари яратилишига олиб келиб, улар 5 ГВт қуёш энергияси, 1,9 ГВт гидроэнергия ва 3 ГВт гача шамол энергиясини ўз ичига олади.
Давлатимиз томонидан 2030 йилга бориб, электр энергияни ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида ҚТЭМ улушини 25 фоизга ошириш мақсади қўйилди. Бугун ушбу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этмоқда.
Жорий йил кузида мамлакатда биринчи саноат хусусиятига эга 100 МВт қувватли ФEСни фойдаланишга топширилди. У Навоий вилоятининг Кармана туманида «Масдар» компанияси (БАА) томонидан қурилди. Шу билан бирга яқин ойларда Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли ФEСни ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа инвестори – «Total Eren» компанияси (Франция).
Айтиб ўтиш керакки, ҚТЭМ лойиҳаларини амалга ошириш борасида Scaling Sola дастури муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу дастур доирасида 2020 йилда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири камида 200 МВт қувватли иккита ФEСни қуриш учун тендер эълон қилинган эди. Тендерда қатнашиш учун 83 компания буюртманома топширди, бу эса инвесторларнинг Ўзбекистонда ҚТЭМ соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши анча кучайганидан далолат беради. Жорий йил бошида тендернинг иккинчи босқичи ўтказилиб, май ойида тендер комиссияси «Масдар» компаниясини ғолиб, деб топди.
Бирлашган Араб Амирликлари компаниясининг кучли жиҳатларидан бири – электр энергиясини етказиб бериш бўйича таклиф киритишидир. Яъни ушбу ФEСларда 25 йил давомида рекорд даражадаги паст тарифлар бўйича энергия етказиб бериш режалаштирилган. Хусусан, Жиззах ФEС электр энергияси ягона энергетика тармоғига бир киловатт-соат учун 1,823 АҚШ центи тарифи бўйича, Самарқанд ФEС эса – 1,791 цент тарифи бўйича етказиб берилади.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Хусусан, шамол электр станцияларини жорий қилиш борасида ҳам алоҳида ишлар олиб борилмоқда. Улар ҳам яқин келажакда мамлакатнинг умумий тармоғига электр энергия етказиб беришни бошлайди. «Масдар» компанияси иштирокида Навоий вилоятининг Томди туманида умумий қуввати 500 МВт ли шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. ШEС қувватларининг биринчи навбатини 2024 йилда ишга тушириш мўлжалланган.
Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станцияси (ШEС) қурилиши бўйича дастлабки тендерлар ҳақида алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган янги қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станцияси лойиҳа битимлари имзоланган кундан бошлаб 2 йил ичида ишга туширилади.
Олинган таклифларни баҳолаш натижаларига кўра, «ACWA Power» компанияси томонидан ШEС қурилиши бўйича тендер ғолиби деб топилди ва у бир киловатт-соат электр энергияси учун 2,5695 центлик тариф таклиф қилди.
Бошқа бир йирик компания – «ACWA Power» (Саудия Арабистони) билан Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Пешку туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВт дан бўлган 2 та шамол электр станциясини қуриш лойиҳасига оид битимлар имзоланган. Тўғридан-тўғри инвестициялар 1,3 миллиард доллардан иборат. Шамол электр станцияларини 2023 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика бўйича жорий қилинаётган лойиҳалар мамлакат энергетика соҳаси олдида қўйилган вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшади. Шунингдек, бу иссиқхона газларининг йиллик чиқарувини CО2 эквивалентида тахминан 500 минг тоннага камайтиришга ёрдам беради.
Шундай қилиб, рақамлар ва далилларга таяниб айтиш мумкинки, сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон энергетикасини энг яхши халқаро тажриба асосида ривожлантириш, энергетика соҳаси бозор муносабатлари шароитида ишлашга ўтишини таъминлаш борасида муҳим илгарилаш рўй берди. Буларнинг бари ўсиб бораётган истеъмол талабларига жавоб бериб, ҳозирги ва кейинги даврда мамлакат энергия хавфсизлигини таъминлаш учун имкон яратиши шубҳасиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги