Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ишида иштирок этади

2021-09-21 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида видеомурожаат билан сўзга чиқади.

Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятга минтақа ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар, БМТнинг замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда чора кўришдаги роли юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус солган чуқур демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беради.

Ўзбекистон етакчисининг нутқида, муҳокамаларнинг мавзусини ҳисобга олиб, COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини БМТ томонидан эълон қилинган «ҳеч кимни ортда қолдирмаслик» принципи асосида биргаликда енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, жаҳон иқтисодиётини тиклаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, минтақада ва глобал даражада мулоқотни кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини илгари суришга, шунингдек, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликнинг таназзулга юз тутиши, Орол денгизининг қуриши каби трансмиллий таҳдидларга қарши курашишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари суриши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил сентябрь ойида ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқида илгари сурилган барча ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватлангани ва бугун ўзининг амалий ифодасини топаётганини таъкидлаш лозим.

Уларни амалга ошириш доирасида, жумладан, пандемияга қарши самарали курашиш борасидаги чора-тадбирлар қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон Республикаси томонидан Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида кодекс ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги глобал саъй-ҳаракатларга мамлакатимизнинг ҳиссаси сифатида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан расмий ҳужжат шаклида тарқатилди.

2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюцияни қабул қилди. БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси самарали фаолият юритмоқда.

Ўтган ҳафтада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми муваффақиятли ташкил этилди.

2021 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Марказий Осиё давлатларининг Қўшма ҳаракатлар режасини бажариш натижалари ва бу борадаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш режалаштирилган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться