Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда I МДҲ ўйинлари қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди, уларга Президент совғалари топширилди
2021-09-14 | МДҲ
Хабарингиз бор, шу йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида илк маротаба Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ўйинлари ўтказилди
Ҳамдўстликка аъзо 9 та республикадан 1 500 нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борган ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон делегацияси аъзолари муносиб иштирок этди. Вакилларимиз 23 та олтин, 32 та кумуш, 36 та бронза, жами 91 та медал билан умумжамоа ҳисобида фахрли 2 ўринни эгаллашди.
Биздан яхшироқ натижани фақатгина мусобақа мезбони ва дунё спортининг қудратли давлатларидан бири бўлмиш Россия қайд эта олди холос. Руслар мусобақа давомида жами 215 та (114 та олтин, 42 та кумуш, 59 та бронза) медалга эгалик қилишди.
Ён қўшнимиз Қозоғистон терма жамоаси эса 18 та олтин, 35 та кумуш ва 53 та бронза медали билан кучли учликни якунлаб берди. Кеча I МДҲ ўйинларининг қаҳрамонлари – Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари юртимизга қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Бош вазир ўринбосари Бекзод Мусаев, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда спорт федерация ва ассоциацияларининг масъуллари, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Аэропортнинг ўзида I МДҲ ўйинлари ғолиб ва совриндорларини қутлаш ва тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар ушбу мусобақада муносиб иштирок этган ёш ва умидли спортчиларимизни олқишлаб, бу ёшлар келгусида Париж-2024, Лос Анжелес-2028, қолаверса Брисбен-2032 Олимпия ўйинларида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя этишига ишонишларини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг тренерлари бундай юксак эҳтиром учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам Ўзбекистон байроғини жаҳон ареналарида юқори кўтаришга астойдил ҳаракат қилишларини билдирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керак, I МДҲ ўйинлари қаҳрамонларига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан махсус пул мукофотлари бериладиган бўлди. Жумладан, олтин медал соҳиблари 25 миллион, уларнинг устозлари 12,5 миллион, кумуш медал эгалари 15 миллион ва уларнинг тренерлари 7,5 миллион, бронза медали совриндорлари эса 10 миллион, уларни тарбиялаган мураббийлари 5 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланишди. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик спортчиларимизни янада руҳлантириб, уларни янги ғалабалар сари руҳлантиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги