IT соҳасида кадрлар тайёрлаш, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослашган мактабларда таълим сифатини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президентимизнинг қарори асосида бугунги кунда ҳар бир ҳудудда жами 100 та ихтисослашган IT мактаб фаолиятини бошлади. Келгуси икки йилда улар сони 205 тага етказилиб, 30 мингдан зиёд ўқувчилар рақамли технологияларга чуқурлашган ҳолда ўқитилади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT -техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади. Ушбу техникумларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.
Ҳозирги кунга қадар Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 7 та техникум фаолиятини бошлашга тайёр.
Вилоят ҳокимларига 1 октябрга қадар техникумларда педагоглар таркиби ва моддий таъминот масалаларини ҳал қилиб, уларни тўлиқ ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги